Байденни табриклаш вақти келди

17 штат Техаснинг сайлов натижаларини кўриб чиқиш ҳақидаги даъвосини қўллаб-қувватлади. Яъни суд даъвони рад этган эди. Бошқа штатлар ҳам Техаснинг йўлини “тутди”. Даъво рад этилди. Байден президент.

Бироқ, бу Американинг “Қизил камари” шаклланганлигини ўзгартирмайди.

Бу ўтган асрнинг 60 йилларидаги бўлинишга олиб келадими? ёки Американинг қизил камари худди 2000 йилларнинг бошларидаги русларникидек йўқ бўлиб, сингиб кетадими?

Кўрамиз. Бошқаларнинг инқирозларини томоша қилиш жуда қизиқарли жараён, дейилади рус сигментидаги ижтимоий тармоқда тарқатилган хабарда.

Шу ерда Муҳрим Аъзамхўжаевнинг телеграм каналида анча аввал берилган бироқ актуаллиги йўқолмаган манабу материали ёдга тушиб кетди.

«Бизникилар ҳам Жо Байденни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб қўйишса бўлади, назаримизда», — деб ёзибди Давлетовуз. Тўғри, аркадашимиз Эрдўғон  табриклади, қардошимиз Тўқаев табриклади, ўртоқ Си Цзиньпин табриклади, ҳатто АҚШни кўрарга кўзи йўқ чавесча-боливарча Мадуро ҳам табриклади. Лекин Путинхон  ҳали табрикламади-ку, тўғрими? Ниманидир билса керакки (ҳар ҳолда, разведкачи), табрикламаяпти.

Ўрни келганда шуни ҳам эътироф этиш жоизки, АҚШдаги сўнгги икки сайловда ютқазган номзодлар ҳозирги Трампга ўхшаб жипириқлик қилмай, сайлов оқшомидаёқ мағлубиятини тан олгани муносабати билан жаҳон жамоатчилиги сайланган президентни ортиқча истиҳоласиз сайлов якунига етиши билан табриклай бошларди. Жумладан, Ўзбекистон президентларининг табрик йўллагани ҳам узоғи билан сайловнинг индинига билдириларди.

2016 йилги АҚШ президенти сайлови 8 ноябрь куни бўлиб ўтган. Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни «сайловдаги ишончли ғалабаси ва АҚШ президентлигига сайланганлиги муносабати билан табриклагани» 10 ноябрь куни жамоатчиликка маълум қилинган.

2012-йили ҳам шундай бўлган — сайлов 6 ноябрь куни бўлиб ўтган, президент Ислом Каримов уни табриклагани ҳақида 8 ноябрь куни маълум қилинган. Президент матбуот хизмати ўшанда бир қатор гап  чиқарган: «Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Барака Обамани унинг АҚШ президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан муборакбод этди». Бўлди.

Ундан аввалги йилларда нима бўлганини «Халқ сўзи» газетаси архивларидан қидириш керак, интернет мавжларида тайинли гап йўқ.