Ўзбекистон авторитар давлатми?

Буюк Британиянинг The Economist нашри 2020 йил учун Демократия индекси рейтингини эълон қилди.

Унда 165та давлат ва 2та маъмурий бирлик ҳақида сўз юритилган бўлиб, рейтингда Ўзбекистон 155 поғонада қайд этилган.

Бу мамлакат 2019 йилга нисбатан ўз позициясини 2 поғонага яхшилаганлигини кўрсатади. 2020 йил учун эълон қилинган рейтингда 167та мамлакатнинг 116таси ўз позициясини йўқотгани, фақат 38та мамлакат ҳолати яхшилангани қайд этилган.

Индексни тузишда пандемия ҳам инобатга олинган. Хусусан, локдаун эълон қилиниши ва карантин чораларини қатъийлаштириш масалаларини танқид қилган шахсларнинг босимга учрагани рейтингга таъсир қилган.

Осиёда Япония, Жанубий Корея ва Тайван давлатлари тўлиқ демократик режимдаги мамлакатлар сирасига киритилган бўлса, Европада Франция ва Португалияни рейтингдаги ўрни пасайиб кетган.

Индексда умумий 9,81 балл билан Норвегия бошчилик қилмоқда. Марказий Осиё давлатларининг барчаси авторитар режимга мансуб экани кўрсатилган индексда фақат Қирғизистон аралаш режимдаги давлат экани тан олинган. Шунингдек, Россия, Беларусь ва Озарбойжон ҳам авторитаризм ҳукмрон экани қайд этилган.

Маълумот учун, ушбу индексни тузишда сайлов жараёнлари, ҳукуматнинг фаолияти, сиёсий вазият ва маданият шаклланиши ҳамда жамият эркинлиги омиллари инобатга олинади.