Россиянинг Марказий Осиёдаги регионаллашув жараёнларига муносабати қандай? “Марказий Осиё + Россия” формати нима учун танланган эди?

Биринчидан, Марказий Осиёдаги регионаллашув объектив жараён сифатида кечмоқда. Ислом Каримов вафоти ва ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келиши муносабати билан Ўзбекистонинг ички сиёсий режими ўзгаргач, Марказий Осиёдаги регионализм жараёни сезиларли тарзда жадаллашди ва бу объектив реалликдир. Айнан Каримов минтақавий интеграция ва минтақавий идентитет йўлида асосий тўсиқ бўлиб турган эди. Шунинг учун Россия ушбу регионализм жараёнларидан ўз фойдаси учун фойдаланиб қолмаслиги аҳмоқлик ва зарарли бўлур эди, ушбу жараённи менсимаслик Россиянинг минтақадаги мавқеини заифлаштириб қўйиши турган гап эди, бу – биринчидан. Иккинчидан, “Марказий Осиё +” сингари форматларни бошқа мамлакатлар ҳам ривожлантирмоқда. Масалан, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан “5+1” форматида ҳамкорлик қилмоқда (бу масалада Трамп маъмурияти ҳеч қандай янгилик ўйлаб топгани йўқ, назаримда, Байден маъмурияти ҳам унга бирор янгилик қўшиши қийин), шу тариқа у минтақа мамлакатларини бутун, ягона, шу билан бирга, Россия ва Хитойга эмас, айнан Жануб: Афғонистон ва Ҳиндистон сари йўналиш оладиган мустақил геосиёсий минтақа сифатида кўришни истамоқда. Йирик Жанубий ва Марказий Осиё макроминтақаси АҚШ Давлат департаменти тузилмасида акс этган бўлиб, унга расман ягона минтақа деб қаралмоқда. Россия нуқтаи назарига кўра, бу Қўшма Штатларнинг минтақани Россиядан тортиб олиш ва унинг Россия ва Хитой билан ҳамкорлигини заифлаштиришга оид расман баёнот берилаётган очиқча уринишидир. Россия “5+1” форматига қаттиқ ишончсизлик билан қарайди. Айни чоқда у Марказий Осиё минтақасидаги шерикларини АҚШ билан ҳамкорлик қилмасликка мажбурламоқчи эмас. Чунки Россия ўша мамлакатларга қаттиқ босим ўтказса ҳамда уларнинг ташқи сиёсий мулоқоти ва кўп векторли сиёсатини чекламоқчи бўлса, ўзини ўзи изоляцияга тушириб қўяди, унинг минтақадаги таъсири заифлашади, минтақа мамлакатлари ўзини Россиядан янада четга торта бошлайди, оқибатда ўзи истаган нарсанинг бутунлай тескарисига эга бўлади. Шунинг учун Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан “Россия + Марказий Осиё мамлакатлари” форматида мулоқотни мустаҳкамлашга интилмоқда. Айни чоқда шуни ҳам қайд этиш зарурки, бу Россия учун энг асосий ва биринчи навбатда йўлга қўйилаётган мулоқот эмас.

Россия учун Марказий Осиё минтақасида ЕОИИ ва КХШТ асосий [ҳамкорлик] муассасалар[и] бўлиб қолмоқда ва Москва ушбу “Марказий Осиё + РФ” мулоқотига зикр этилган россиецентрик муассасаларни мустаҳкамлаш ва бошқа мамлакатларни ушбу муассасаларга жалб этишнинг қўшимча воситаси сифатида ёндашади. Сир эмаски, Россия Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграциялашувини олқишлаган бўлур эди, Россия нуқтаи назаридан Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистон иштирокидаги мулоқот ушбу мамлакатнинг ЕОИИга аъзо бўлиб киришига кўмаклашиши мумкин. Россия айни шу сабабга кўра ушбу мулоқотни юритмоқда.

Дмитрий Суслов – Россиянинг халқаро сиёсат бўйича эксперти, Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) Жаҳон иқтисодиёти ва дунё сиёсати факультетининг Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлар илмий-таълимий маркази директори ўринбосари ва илмий ходими.

Материал унинг CAAN сайтига берган интервьюсидан тайёрланган.