АҚШ: Россиянинг геосиёсий таъсири тушиб бормоқда

3-қисм

Янги Америка хавфсизлигини ўрганиш маркази (Center for a New American Security (CNAS) ҳузуридаги “Brussel Sprouts” подкастида постсовет ҳудудида яқинда рўй берган воқеалар ва уларнинг Россия учун аҳамияти хусусида икки нафар эксперт: Халқаро инқироз гуруҳининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Ольга Оликер ҳамда Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича дастур катта илмой ходими ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича собиқ директори Пол Стронски иштирокида фикр-мулоҳазалар билдирилади.

Қуйида ушбу подкаст баёни қисқартирилган ҳолда ҳавола қилинмоқда.

Бошловчилар: Россия қайсидир маънода Хитойнинг минтақадаги иқтисодий таъсири ўсиши билан боғлиқ чекловлар ёки унинг муқаррарлигига рози бўляптими? Ва у бу ҳолни АҚШ ёки Европа Иттифоқининг минтақадаги таъсиридан кўра бошқачароқ қабул қиляптими? Москва Хитой билан Туркияни ҳамкорлик ва келишмовчиликларни бартараф қила оладиган шериклар деб биладими?

Ольга Оликер: Назаримда, Москва Хитойга узоқ истиқболдаги потенциал хавф ва муаммо, аммо яқин истиқболдаги жуда фойдали шерик сифатида қарашга мойил. Россия Туркия узоқ истиқболда ўзига реал таҳдид солишига ишонмайди. Турклар ўз тарафидан Россияга ҳам ҳамкорлик, ҳам келишмовчиликлар учун жой сифатида икки хил муносабатда бўлмоқда: “Муносабатларимиз яхши, келишмасликка келишамиз, баъзан ўзаро рақобат ҳам қиламиз. Сўнгра қайтиб, бошқа масалалар бўйича келишувларга эришамиз, бу жуда яхши иш беряпти”.

Пол Стронски: Бирдан-бир қўшимча қилмоқчи бўлган нарсам шуки, ушбу мамлакатларнинг ҳеч бири – на Туркия ва на Хитойнинг минтақани ўзгартириш бўйича бирор дастури йўқ. Улар бошқарув тизимини ўзгартиришга интилаётгани ҳам, Ғарб мамлакатлари сўраётган нарсалардан бирортасини илтимос ҳам қилаётгани йўқ. Бироқ Марказий Осиёдаги савдо-сотиқ ва инвестиция оқимлари тобора Хитой томон мўлжал олмоқда. Хитой Жанубий Кавказ мамлакатларида Туркия билан бирга етакчи савдо шериклари учталигига киради. Пекиннинг Украинадаги роли ҳам ошиб бормоқда, Беларусда эса бу таъсир иқтисодий соҳада ҳам камроқ. Шунинг учун буни узоқ муддатли силжиш деб аташ мумкин. Аммо Россия билан Хитойнинг минтақадаги барқарорликни сақлаб қолиш борасидаги уринишларида қандайдир умумий манфаатлари бор.

Бошловчилар: Айни пайтда россияликлар Москванинг ташқи сиёсатини қандай баҳоламоқда? Айрим сўров натижаларига кўра, россияликларнинг тахминан 70 фоизи мамлакатдаги турғун иқтисодий аҳволни ҳисобга олиб, Кремль ташқи сиёсатга камроқ аралашсин ва камроқ пул сарфлаши керак, деб ҳисоблайди.

Ольга Оликер: Бу масалада россияликларнинг фикрлари турлича. Россияликлар ўйинда қатнашиб туриши шарт деб, ҳисоблайдиган тафаккур мактаби борлиги аниқ: “биз ўйинда қатнашишни истаймиз ва ўйинда қатнашишимиз шарт. Биз буюк давлат бўлишни хоҳлаймиз”. Яна бир тафаккур мактабига кўра, хавфсизлик мамлакатнинг ўзидан бошланади, муносиб таълим, соғлиқни сақлаш тизими, янги йўллар ва ҳк. керак бўлади. Гарчи турли нуқтаи назарлар мавжуд бўлса-да, умуман олганда, россияликлар ҳам бошқа сингари ташқи сиёсат авантюрасига – агар улар оддий халққа тўғри тақдим этилса – берилиши мумкин. Гарчи Россиянинг Беларусда ҳарбий амалиёт ўтказишини (мабодо у жавоб амалиёти бўлмаса) тасаввур қилиш қийин бўлса-да, россияликлар бунақа масалаларда норозилик намойишларига чиқмайди. Улар иқтисодий масалалар бўйича норозилик билдиради.

Пол Стронски: Россия Арманистон билан Озарбайжонга тинчликпарвар отрядларни жўнатиши мумкин, аммо тиклаш ва реконструкция, миналардан тозалаш ва барқарорликни таъминлаш ишларига кўп пул сарфлаши даргумон. Россияликлар одамлар орасида эҳтимол тутилган қурбонлар сони ортиши – тобутлар кўпайиб кетишидан хавотирда. Бу ташқи сиёсат соҳасидаги қадамларни чеклаётгани аниқ. Россия бундан кейин ташқи сиёсат мақсадлари учун ҳозир сарфлаётганидан кўра кўпроқ пул сарфлайди, деб ўйламайман.

Бошловчилар: Ғарбнинг иттифоқчи мамлакатлари рўй бераётган воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда?

Ольга Оликер: Европа мамлакатлари Россия билан Туркия муносабатлари даражаси, шунингдек, ЕХҲТ жараёни тўхтаб қолганига бир оз хавотир билан қарамоқда. Европа Тоғли Қорабоғда фақат реконструкция ишларига ёрдам бериши мумкин. Бироқ ЕИ жараёнда қатнашаётгани йўқ. Шу ўринда Беларусга нисбатан санкция қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган пайтда Россия билан ҳамкорлик қилиш мумкинми, Россия билан муносабатларда умумий таранглик мавжудми, деган савол туғилади. Брюсселдаги ёки Европанинг бошқа мамлакатлари пойтахтларидаги бир оз вақт олдин, тўғриси, Тоғли Қорабоғ билан шуғулланган, аммо Арманистон ва Озарбайжон билан шуғулланмаган сиёсатчиларнинг ҳафсаласини нима пир қилмоқда? Назаримда, улар можаро узоқ давом этади, ҳеч ким ҳеч иш қилиши керак эмас, бу – нормал ҳолат, деб ўйлаган. Лекин энди вазият бутунлай ўзгариб кетди ва ўша сиёсатчиларнинг нима қилишни билмай боши қотиб қолди.

Бошловчилар: АҚШнинг минтақадаги роли қандай бўлиши керак? Қўшма Штатлар Тоғли Қорабоғ масаласида бутунлай четга чиқиб қолди. АҚШ билан ЕИ Беларусдаги вазиятда ҳам арзимаган роль ўйнади. Қўшма Штатларнинг имконияти борми ўзи?

Ольга Оликер: Тоғли Қорабоғ – Россия билан ҳамкорлик қилиш имконияти. Тан олиш керакки, Россия барча манфаатларига мос келадиган ишни бажардим, деса бўлади. Беларусда белорусларнинг ўзидан ўрнак олиш керак – Ғарбнинг бир қисми бўлмоқчимиз, деб айтаётгани йўқ. Улар Лукашенкодан қутулмоқчи, лекин можарода Вашингтон ёки Москвага ён босаётгани йўқ. Россиянинг, буларнинг бари Вашингтон билан Москва ўртасидаги кураш оқибати, қабилидаги баҳоналарини қўллаб-қувватламаслик фойдалироқ бўлур эди. Яъниким, томонларнинг бирортасини танлашга мажбур қилмай туриб, Молдовадаги сингари бевосита Шарқ ёки Ғарбга тааллуқлиликни писанда қилмай, ўзига хос технократик шаклни рағбатлантириб, кўмак бериш мумкин. Биз ушбу мамлакатлар ҳеч қайси томонга силжий олмаслигини, Россия ҳам силжимаслигини тушуниб олишимиз шарт. Бинобарин, улар modus vivendiни топа билиши керак.

Пол Стронски: Марказий Осиёни олиб кўрайлик. У ерга Қўшма Штатлардан етиб бориш учун 2 кун керак бўлади. Минтақа Қўшма Штатлардан жуда узоқ, савдо-сотиқ ва инсоний мулоқотларимиз жуда чекланган. Фикримча, Америка билан Россия ёки АҚШ билан Хитой ўртасидаги ёмон муносабатлар триангуляцияси – уч бурчаги ушбу мамлакатларнинг кўпчилигига зарар келтираётгани аниқ, улар қўшни мамлакатлар билан муносабатларда манёвр қилишга мажбур. Лекин Ўзбекистон билан Қозоғистонни, уларнинг минтақада етакчи бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ҳам мумкин.