Хитой атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият

Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Осиё-Тинч океани минтақаси ва глобал стратегик тадқиқотлар институти эксперти Чжан Цзе Хитой атрофидаги хавфсизлик соҳасини тавсифловчи муносабатларнинг 4 та тури ва 3 та долзарб муаммоси ҳақида ёзади. Унинг фикрича, йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг 4 та тури қуйидагиларни ўз ичига олади: Хитой билан Америка, Хитой билан Ҳиндистон, Хитой билан Россия ва Хитой билан Япония муносабатлари. 3 та “қайноқ” муаммога эса Жанубий Хитой денгизидаги, Корея ярим оролидаги ва Хитой билан Ҳиндистон чегарасидаги вазиятлар киради.

Эксперт ёзишича, Хитой атрофидаги хавфсизликка оид вазият ўрта истиқболда муайян даражада мавҳум ва беқарор бўлади. Минтақадаги тартиб АҚШнинг Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегияси ва “Хитой режаси” деб аталувчи омил ўртасидаги қарама-қаршилик билан тавсифланади; минтақадаги эски ва янги муаммолар гоҳ кучайиб, гоҳо сусайиб туради; минтақанинг бошқа мамлакатлари Хитой билан АҚШдан бирортасини танлашдан қочишга ҳаракат қилади. Бу Хитойдан минтақада мулоқот ва коммуникацияни мустаҳкамлаш учун дипломатия саъй-ҳаракатларини кучайтириш, кўп даражали минтақавий механизмларни ривожлантиришни талаб этади. Айни чоқда Хитойга ёндош ҳудудларда узоқ муддатли барқарорликни сақлаш мақсадида мамлакатнинг сув ҳудудидаги можаролар билан боғлиқ инқирозларни бошқариш алоҳида аҳамият бериш зарур.

Хитой билан Америка муносабатлари кенг қамровли стратегик босқичга кирди

АҚШ 2020 йилдан бери Хитойга нисбатан барча соҳалардаги босимни кучайтирди. Қўшма Штатлар минтақа даражасида янги минтақавий тартиб ўрнатиш, Хитойни тийиб туриш ва ўзининг минтақадаги ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия”ни олға суришни давом эттирмоқда. АҚШ мафкура нуқтаи назаридан Хитойнинг сиёсий тизими ва коммунистик партиясига ҳамла қилиш учун эпидемия авж олиб кетишини сиёсийлаштирмоқда ҳамда Хитой ҳукумати ва ЖССТ вақтида хабар бермагани учун пандемия келиб чиққанини иддао қилмоқда. Айни пайтда Қўшма Штатлар Хитойнинг ички ишларига аралашиш учун Тайван, Ҳонконг, Шинжон ва Тибет билан боғлиқ масалалардан фойдаланмоқда. АҚШ хавфсизлик соҳасида минтақадаги “тармоқли” хавфсизлик архитектурасини яратиш учун Япония, Ҳиндистон ва Австралияга таянмоқда.

2020 йил сентябрида Японияда вазирлар даражасидаги “тўрт томонлама мулоқот” чоғида АҚШ давлат котиби Майк Помпео НАТОнинг Ҳинд ва Тинч океанларидаги муқобилини яратишни таклиф қилди. Гарчи ушбу таклифга Япония, Ҳиндистон ва Австралия ошкора жавоб қайтармаган бўлса-да, 4 та мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётир. АҚШ иқтисодиёт соҳасида 2019 йили “Blue Dot Network” ташаббусини илгари сурди, 2020 йилда эса “Иқтисодий тараққиёт тармоғи”ни ишга туширди. Иккала ташаббус ҳам инфратузилмадан тортиб, саноат занжирлари, етказиб бериш занжирлари ҳамда ишлаб чиқариш ва сотиш занжирига қадар Хитой билан рақобатни кенгайтиришга қаратилгандир. Эксперт фикрича, ушбу ташаббусларнинг пировард мақсади АҚШ бошчилигидаги Хитойсиз янги минтақавий иқтисодий тартибни шакллантиришдир.

Юқорида зикр этилган стратегияни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Майк Помпео 2020 йили нафақат бир қатор минтақавий платформалардан фойдаланди, қолаверса, Хитойга қарши иттифоқ тузиш учун Осиё мамлакатлартига сафар ҳам қилди. Янги давлат котиби Энтони Блинкен иттифоқчилари (Жанубий Корея, Австралия ва Филиппин) билан телефон орқали суҳбатлашди ҳамда суҳбат давомида АҚШнинг зикр этилган иттифоқчилари “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия” доирасида минтақадаги тартибни қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим рол ўйнашини қайд этди.

Амалий натижалар ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, хитойлик эксперт фикрича, АҚШнинг Ҳинд ва Тинч океанлари стратегиясида аниқ кўзга ташланувчи номутаносиблик мавжуд. Бир тарафдан, АҚШнинг Тинч океани ғарбидаги ҳарбий ҳозирлиги бўладими ёки иттифоқчиларга таянган хавфсизлик тармоғи бўладими, бундан қатъи назар, АҚШ ҳамма жойда шу кунга қадар минтақавий хавфсизлик масаласида анча-мунча устунликка эга. Лекин бошқа тарафдан, гарчи АҚШнинг иқтисодий сиёсати янгиликларга тўла бўлса-да, у ҳали ҳам катта амалий натижалар бераётгани йўқ. Кўпчилик ҳолларда бу Трамп маъмуриятининг асосий эътиборни “Аввало Америка” ва ҳамма қарши “савдо уруши”га қаратаётгани билан боғлиқ. Хитой бундан фарқли ўлароқ, ижобий иқтисодий ўсишга эришиш баробарида, асосан, минтақавий, ҳатто глобал иқтисодий оёққа туриб олишга қаттиқ туртки бергани ортидан қўшни мамлакатлар билан яхши иқтисодий ва инвестиция муносабатларини сақлаб қола билди.

Хитой билан Россия муносабатларининг жадал суръатлари сақланиб қолмоқда

2020 йилда олий даражадаги Хитой билан Россия муносабатлари ривожланди. Томонлар кенг миқёсли масалалар бўйича жадал ҳамкорлик қилди. Хитой билан Россиянинг халқаро масалалар борасидаги стратегик ҳамкорлиги қалинлашиб бормоқда. 2021 йил бошида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И баёнот бериб айтганидай, Хитой билан Россиянинг стратегик ҳамкорлиги тугаб бораётгани йўқ, унда тақиқ ҳудуди мавжуд эмас, ушбу ҳамкорликнинг юқори чегараси ҳам йўқ. Айрим олимлар ҳам таъкидлашича, АҚШнинг агрессив тийиб туриш сиёсати олдида Россия билан Хитой ўртасида “елкама-елка” туришни танлаш зарур бўлади.

Айни дамда, муаллиф фикрича, сўнгги йилларда Россиянинг Хитойга нисбатан ниятлари ва Хитой билан Россия муносабатларидаги номутаносиблик Хитой Россияга нисбатан эҳтиёткорлик билан сиёсат юргизишини тақозо қилади, деб ёзади Чжан Цзе. Россия Хитой Америка билан Россия қарама-қаршилигида фаол иштирок этишини истайди. Шу билан бирга, Хитой ва Россия ўртасидаги миллий қудратни ривожлантириш, дипломатия истиқболлари, иқтисодий ва савдо-сотиқ ҳамкорлиги сингари соҳалардаги номутаносиблик ортиб бормоқда, Россиянинг жаҳон иқтисодиёти ва глобал бошқарувдаги мавқеи барча йўналишлар бўйлаб пасайиб кетаётир. Россия билан ҳамкорликда тарихий тажрибадан келиб чиқиб, иттифоқ тузиш, қарама-қарши сиёсат юргизиш ва учинчи томонга қарши блок ташкил этишдан қочиш керак бўлади.

Хитой билан Япония муносабатлари барқарор бўлиб қолмоқда

Япониянинг ташқи сиёсатига, эпидемия таъсир қилгани ва ҳукумат алмашганига қарамай, асосан, Хитой билан Американинг стратегик қарама-қаршилиги (“ўйини 博弈) таъсирида тузатишлар киритилди. Хитой билан Япония муносабатлари 2019 йилдан бери ҳозирга қадар яхши ҳолатда сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, Япониянинг Хитойга қаратилган сиёсатида ўзига хос “дуализм” мавжуд. Бир тарафдан, Хитой билан Япония ўртасида “Хитой билан Япония муносабатларининг янги даври”ни барпо этиш бўйича сиёсий муроса сақланиб қолди ва Япония бош вазири Наото Кан Хитой каби қўшни мамлакатлар билан барқарор муносабат ўрнатишга интилажагини ошкора айтди. Бошқа тарафдан, Хитой билан Япониянинг мафкура соҳасидаги хавфсизлик билан боғлиқ қарма-қаршилиги принцип жиҳатидан ўзгаргани йўқ. Томонлар ўртасида Жанубий Хитой денгизидаги Дяоюйдао ороллари бўйича тортишувлар мавжуд, шунингдек, Япониядаги Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри ёмонлашиб бормоқда, айни ҳол Хитой билан Япония муносабатларидаги узоқ муддатли структуравий зиддиятлардан далолат беради. Япония ҳозир ҳам хавфсизлик масалаларида АҚШга таянади, аммо Токио иқтисодиёт соҳасида Хитойга нисбатан мувозанатланган сиёсат юргизишга интилмоқда. Лекин умуман олганда, ҳали ҳам АҚШга қараб мўлжал олиш Хитой билан мувофиқлаштирилган ҳамкорликка интилишдан устун келмоқда.

Хитойлик эксперт фикрича, АҚШнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Япония Хитойга қарши бевосита иғво уюштиришдан тийилишга ҳаракат қилмоқда. Бу Помпеонинг “тўрт томонлама мулоқот”ни “НАТОнинг Ҳинд ва Тинч океанлари варианти” механизмига айлантириш таклифига ошкора муносабат билдирилмаганида яққол кўзга ташланди. Лекин шу билан бирга, Япония Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Шу жумладан, расмий Токио ҳарбий ва дипломатик соҳаларда Ҳиндистон ва Австралия билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, шу тариқа у Хитой ва АҚШ ўртасидаги стратегик рақобатда учинчи асосий куч бўлишга ҳаракат қилаётир. Япония Американинг етакчилиги ўрнини босиш ҳамда янги кўп қутбли тизим яратиш йўлида “Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия”ни барпо қилиш учун бошқа демократик мамлакатлар билан бирлашиши керак бўлади.

Хитой билан Ҳиндистон муносабатлари жиддий тарзда ёмонлашди

2020 йилда Хитой билан Ҳиндистон ўртасида муносабатлар ўрнатилганига 70 йил тўлди, бироқ турли-туман чегара можаролари таъсирида икки томонлама муносабатлар 1962 йилдан бери энг паст даражага тушиб қолди. Бугун Ҳиндистон Хитойга нисбатан қаттиққўл сиёсат юргизмоқда. Хитой билан Ҳиндистон ўртасидаги чегара можаросидан сўнг Ҳиндистонда аксил-хитой кайфияти кўтарилиб кетди. Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри бутунлай салбийлашди. Боз устига, Ҳиндистонда Хитой товарларига бойкот эълон қилиш кампанияси кенг ёйилди. Норендра Моди ҳукумати иқтисодиёт, савдо-сотиқ ва инвестициялар соҳасида Хитойдан узоқлашишга интилмоқда, чет эл инвестициялари сиёсатини ўзгартириш йўли билан Хитой инвестицияларини чекламоқда.

Ҳиндистон минтақа даражасида тўрт томонлама мулоқотга (АҚШ – Япония – Ҳиндистон – Австралия) фаол қўшилмоқда. Шулардан энг кўзга ташланадиганлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Ҳиндистон билан Австралиянинг 13 йиллик танаффусдан сўнг қўшма ҳарбий машғулотларга қайтиши; Ҳиндистон, АҚШ ва Австралиянинг ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказиши ва ҳк. Ҳиндистон “тўрт томонлама мулоқот” доирасида зикр этилган мамлакатлар билан хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларини яхшилаб олди. Улар орасида Ҳиндистон билан АҚШ ўртасида 2020 йил октябрида “Алмашув ва ҳамкорлик бўйича базавий битим” (BECA) имзолангани натижасида Ҳиндистон билан АҚШ иттифоқчилик муносабатларига эришганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Умуман олганда, муаллиф қуйидаги хулосаларга келади:

Хитой билан АҚШнинг стратегик қарама-қаршилиги узоқ муддатли таъсир кучига эга бўлади. Аксарият ҳолларда ушбу муносабатлар Хитой атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиш йўналишини белгилаб беради.

Россия Хитойнинг энг йирик қўшнисидир. Ҳозирги кунда унинг Хитойга нисбатан таъсири Шимоли-шарқий Осиё ва Марказий Осиёда жамланган, айни чоқда унинг Жануби-Шарқий Осиё ишларидаги иштироки нисбатан чеклангандир.

Япония Хитой билан Америка қарама-қаршилигида учинчи куч ҳисобланади. Хитой билан Япония муносабатлари ҳам икки томонлама, ҳам минтақа даражасида жуда мураккаб. Бу ерда ҳам зиддият, ҳам ҳамкорлик бор. Ушбу вазиятда, дея таъкидлайди Чжан Цзе, Хитой параллел равишда ҳамкорлик учун имкониятлар ахтариши баробарида Япония ташаббусларига қаттиқ аҳамият бериши зарур бўлади.

Хитой билан Ҳиндистон чегарасидаги можаро расмий Деҳли Хитойни стратегик шерик деб билишини ўзгартириб юборди ҳамда Ҳиндистоннинг Ҳинд ва Тинч океанлари бўйича стратегия томон юз буришига қулай шароит яратиб берди. АҚШ бунга эришиш ва Хитойга қарши тўлақонли ярим айлана ташкил қилишга анчадан бери уриниб келаётган эди.