Кўнгилочар бинолар қуриш бўйича биринчилик

23 июнь куни Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Лебап вилоятида Оқ Юрта биносини тантанали очишда иштирок этган эди. Бу Туркманистонда қурилган ушбу турдаги учинчи концерт зали хисобланади. Бир ҳафта ўтгач, давлат раҳбари вилоят раҳбарларига биноларни байрамларни нишонлаш ва болаларнинг қобилиятлари ва истеъдодларини ривожлантириш учун ишлатиш бўйича таклифлар тайёрлашни буюрди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, “ушбу тузилмалар халқ анъаналарини сақлаб қолиш, ижтимоий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган, шунингдек, фуқароларнинг бўш вақтлари ва дам олишларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади”.

Мазкур хабарни тайёрлаган интернет нашри маълум қилишича, Туркманобод ҳокимияти Оқ Юрта биносининг аҳоли учун пуллик хизматлар кўрсатилиши бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Масалан, бино ичкарисида мактаб ўқувчиларига саёҳатлар уюштириладиган кичик музей жойлаштирилади. Шунда ўқувчилар учун чипта нархи 1 манат, катталар учун 5 манат қилиб белгиланади.

Юртанинг хоналари шахсий байрамлар: тўйлар, юбилейлар ва бошқалар учун ижарага берилади. Ижара нархи ҳар бир мижоз учун алоҳида белгиланади.

Бино ичида фото ва видеофильмларни суратга олиш рухсатномаси учун 130 манатдан (800 минг сўм атрофида) алоҳида йиғим олинади. Тўловдан ташқари, Оқ Юрта ичкарисидаги хизматлар учун шаҳар ҳокимлиги алоҳида руҳсатнома тақдим этиши керак. Концерт зали маъмурияти буюртмачининг маълумотларини кўрсатган ҳолда сертификат беради, улар ҳокимликка тақдим этилиши ва қониқарли жавоб олгандан сўнг, маблағ кўрсатилган банк ҳисоб рақамига ўтказилиши керак. (Туркманистон халқи сизларга алоҳида раҳмат!)

Дам олиш учун бинолар ижарага олинадиган минимал миқдори ҳам белгиланган. Юрта маъмурияти ходимининг сўзларига кўра, зални ижарага олувчи камида 100 нафар меҳмони бўлса, зални ижарага олиши мумкин. Агар буюртмада одамлар сони камроқ бўлса, бинонинг коммунал хизматлар учун харажатлар қопланмайди. (қисқаси 100нафардан кам меҳмон таклиф этиш мумкин эмас! Ёки пулини шунга қараб хисоблаш керак)

Тадбир ўтказишга мажбур!

Шаҳарнинг ҳар бир йирик корхонаси йилига камида бир марта Оқ Юртада байрам ёки иш тадбирларини ўтказишга мажбур бўлади. Ҳар бир иштирокчи учун ташкилот 5 манатдан тўлаши керак, шунингдек коммунал хизматлар ва ходимларнинг иши учун алоҳида ҳақ тўлаши керак.

Аввалроқ ташкилотларнинг тадбирлари ўтказилган Рухит саройи, Жейҳун меҳмонхонаси ва тўй саройи том маънода Оқ Юрта атрофида жойлашган. Энди барча тадбир ва маросимлар янги концерт залида бўлиб ўтиши шарт.

Юрталар тарихи

Биринчи юрта 2015 йилда Мери шаҳрида очилган. Ушбу бино Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг катта юрта сифатида киритилган. Бу ерда яна бир рекорд ўрнатилди, президентнинг “Олдинга!” Фақат олдинга, она ватаним – Туркманистон!” қўшиғини бир вақтнинг ўзида 4 мингдан зиёд одам куйлаган эди.

Иккинчи юрта 2017 йилда Ахал вилоятида очилган. У Ашхабоддан 20 километр узоқликда жойлашган. Бино чўл зонасида жойлашган, яқин атрофда аҳоли пунктлари мавжуд эмас.

Тошҳовуз ва Болқон вилоятларида яна иккита катта мана шу каби бино қурилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида маълум бўлганидек, Тошҳовузда Оқ Юртани қуриш қиймати 213,5 млн. манат (давлат курси бўйича 31 млн. доллар ёки “қора бозор”нинг ҳозирги курси бўйича тахминан 6,4 миллион доллар) ни ташкил этган эди.