Туркманистонда тўй ва тантаналарда маданий хизмат кўрсатишни давлат тартибга солиши белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида Бош вазирнинг маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари Мяҳрижемал Маммедова мамлакатда тўй ва бошқа тантаналарда маданий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги Қарорни тақдим этган.

“Ҳужжатда кўп асрлик миллий маданият ва санъатнинг ўзига хослигини, урф-одатларини сақлаб қолиш, Туркманистонда тўй ва бошқа байрамларда қўшиқчилар томонидан маданий хизмат кўрсатишни яъни мусиқачилар, раққосалар ва бошқа санъат ходимлари яъни ижодий гуруҳларнинг хизматларини тўғри назорат қилиш давлат томонидан тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган”, деб хабар берилмоқда.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳужжатга имзо чекди ва “туркман халқига юқори сифатли маданий хизмат кўрсатиш ва уларнинг турини замонавий талабларга мувофиқ кенгайтириш ишларини такомиллаштириш” муҳимлигини таъкидлади.