Ишсизлик индекси (Unemployment Index) – бу дунё мамлакатлари ва минтақаларидаги меҳнат бозори ҳолатининг асосий кўрсаткичи бўлиб, у иқтисодий фаол аҳоли сонидаги ишсизлар улуши сифатида белгиланади (фоиз билан ифодаланади). Ишсизлик даражаси кўрсаткичи меҳнат бозори ҳолатининг энг машҳур индикатори ва оммавий ахборот воситалари ва илмий тадқиқотларда энг кўп келтириладиган кўрсаткичлардан биридир, чунки у маҳаллий меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг миқёси ва умумий ҳолатини тўлиқ ва мазмунли акс эттиради.
Халқаро даражада ишсизлик даражаси ҳар йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тизимининг махсус агентлиги бўлган бандлик ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида халқаро стратегик сиёсатни амалга оширувчи Халқаро Меҳнат Ташкилоти (International Labour Organization) методологияси бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти методологиясида ишсизлар – бу маълум бир вақт мобайнида ўз ҳудуди, миллий ҳудуд чегаралари ёки хорижда ҳақ тўланадиган иш излаган, ўз-ўзини иш билан банд қилмоқчи бўлган, лекин ишга кира олмаган меҳнатга лаёқатли ёшдаги (15 ёшдан катта) шахслар тушунилади. Бу тоифага талабалар, уй бекалари ва бошқа маош тўланмайдиган ишларда банд бўлганлар кирмайди. Ишсизликнинг ушбу стандарт таърифи 2013 йилда 19 -Халқаро меҳнат статистикаси конференциясида қабул қилинган “Иш статистикаси, бандлик ва меҳнатдан кам фойдаланиш тўғрисида” резолюциясида келтирилган.

Демак, сайтимиз мунтазам равишда эълон қилиб бораётган рейтинглардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз. Жаҳон бўйича ишсизлик рейтингида Ўзбекистон 5.9% натижа билан 190 давлат ичида 81-ўринда, МДҲ мамлакатлари доирасида биз олтинчимиз. МДҲ мамлакатларида ишсизлик даражаси Арманистонда 17%, Грузияда 14.4%, Тожикистонда 11%, Украинада 8.9%, Қирғизистонда 6.3%, Озарбайжонда 5.5%, Молдовада 5.5%, Беларусда 4.6%, Қозоғистонда 4.6%, Россияда 4.6 % ва хамиша кўркам Туркманистонда 3.9% ни ташкил қилар экан.
Ишсизлик даражаси индекси, гарчи у универсал кўрсаткич бўлса -да, бир қатор чекловларга эга. Дунё мамлакатлари ва минтақаларидаги ишсизлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар умумий ишчи кучи асосида ҳисобланади ва миллий сўровлар натижаларига кўра, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг статистика марказига келиб тушган давлат муассасаларининг расмий баҳоларини акс эттиради ҳамда қабул қилинган статистик стандартларга адаптация қилинган ҳолда кейинги халқаро таққослашлар учун ишлатилади.
Таъкидлаш лозимки, бир қатор ривожланмаган мамлакатларда ишсизлик даражасининг пастлиги, қоида тариқасида, ушбу ҳудуддаги иқтисодий фаол аҳолининг асосий қисми меҳнат бозорида бевосита иштирок этмайдиган, ўзини ўзи иш билан таъминлайдиган аграр аҳоли билан боғлиқ. Албатта маълумотларни аниқлиги билан боғлиқ муаммолар бор. Бунинг сабаби статистикани таҳлил қилиш муддатидаги катта фарқлар. Турли мамлакатларда ишга жойлашиш тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойликдан то йиллик муддат бўйича умумлаштирилиши мумкин.
Ҳозирги кунда тадқиқот БМТга аъзо давлатларни, шунингдек алоҳида мақомга эга бўлган баъзи маъмурий ҳудудларни қамраб олади, шу билан бирга рейтинг жадвалида мамлакатлар сони камроқ, чунки бу кўрсаткич бўйича статистик маълумот беришни истамаган ёки бера олмайдиган давлатлар рўйхатга киритилмаган.