Тожикистонда чегарани муҳофаза этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда ва 2001 йилдан сўнг юз берганидек, радикал фикрловчи кишилар ва ғояларнинг мамлакатга кириб келиши мумкинми?

Парвиз Мулложонов: Мендаги маълумотларга кўра, Тожикистон ҳокимияти бугун чегарани бутунлай ёпиш бўйича бемисл чораларни кўрмоқда. Бу ишга қўшимча кучлар, ташкилий ва молиявий ресурслар йўналтирилган, чегарани мустаҳкамлаш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилган, вазият кескинлашадиган бўлса, КХШТ бўйича иттифоқчиларга ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёки захирадаги ҳарбий хизматчиларни ва жойлардаги талабгорларни сафарбар қилиш мумкин бўлади.

Аксарият тожик экспертлари билдиришича, яқин ойларда чегарадан гуррос-гуррос бўлиб ўтиш эҳтимоли жуда кам – биринчидан, бугун толиблар Афғонистонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан овора. Иккинчидан, толиблар мамлакатга инвестициялар жалб этиш учун ўзининг халқаро обрўсини мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шунинг учун улар Афғонистон шимолида тўпланиб қолган марказий осиёлик экстремистларнинг чегарадан ёриб кириш борасидаги уринишларига тўсқинлик қилиши турган гап.

Шу билан бирга, толиблар Афғонистоннинг шимолидаги  вилоятларини забт этишда кўмакчи бўлган жойлардаги иттифоқчиларидан воз кечиши даргумон. Шунинг учун экстремистлар мамлакатдаги базаларини толибларнинг умумий назорати остида сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Уларга чегарада улкан қўпорувчилик қилишга рухсат этилмайди, лекин қўшни мамлакатларга нисбатан фитна қилишни бемалол давом эттириши мумкин. Шу маънода Тожикистондаги кўпчилик экспертлар тахмин этишича, Афғонистон “Толибон” режими даврида нафақат минтақада, қолаверса, ундан ташқарида ҳам экстремистик мафкурани тарқатишнинг янги марказига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Нурали Давлатов: Толиблар раҳбарлигидаги Афғонистондан келиши мумкин бўлган таҳдидларни ҳисобга олиб, президент Раҳмон яқинда 20 минг захирадаги ҳарбий хизматчи сафарбар этилишини эълон қилди, улар хавф туғиладиган бўлса, чегараларни ҳимоя қилади.

Мен Тожикистоннинг чегара қўшинлари ва армияси шай ҳолатда турибди, деб  айта оламан. Таҳдид пайдо бўладиган бўлса, Россия ва қатор қўшни мамлакатлар, эҳтимол Хитой ҳам Тожикистонга ҳарбий контингентини юборади.

Бироқ толиблар ҳокимиятга келиши билан яна бир жиддий хавф пайдо бўлди. Бу АҚШ билан НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилгандан сўнг ҳосил бўладиган онгнинг радикаллашувидир. Гап шундаки, экстремистлар ва радикаллар, модомики, толиблар дунёнинг энг кучли армияларини тор-мор этган экан, улар кураши давомида фойдаланган ғайриинсоний усуллардан ўрнак олса бўлади, деган хулосага келиши мумкин. Унутмаслик керакки, ҳозирги дунёда онгнинг радикаллашуви ХХ асрда бўлганидек, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва махфий адабиётни яширин тарқатиш билан эмас, интернет орқали тарқатилади, уни ҳар доим ҳам тўлиқ назорат қилиб бўлмайди.

Шерали Ризоён: Сўнгги 20 йилда Тожикистонда жануб йўналишидаги чегараларни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча чоралар кўрилди. Тожикистон чегарачилари бир неча йил давомида ҳар йили чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари олдини олмоқда, аммо 2009 йилдан сўнг Афғонистон шимолий чегараларида чет эл жангарилари пайдо бўлиши билан у ерда вазият ўзгара бошлади ва Тожикистон ушбу масалага жиддий эътибор қаратадиган бўлди.  Чет эллик жангариларнинг чегарадан ўтиб келиши эҳтимоли кам, чунки: 1) улар барчаси “Толибон” сингари ташқи кучларга қарам, яъни уларни минтақадаги ўйинчилар қўллаб-қувватламоқда ва ўша кучларнинг тегишли рухсатисиз бу ишга қўл уриши даргумон; 2) улар сони кўп эмас, аксарияти, оилали, бола-чақали бўлиб кетган; 3) Тожикистон қуролли кучлари жанубий йўналишдан бўлган таҳдидни қайтариш учун етарли салоҳиятга эга.

Афғонистондан радикал ғояларнинг Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига кириб келишига келсак, қайд этиш лозимки, ЎИҲ ва “Жамоати Ансоруллоҳ” “Толибон”нинг келишувчан мавқеига асосланиб, минтақа ватандошларини ёллаш ҳаракатларини кучайтириши мумкин (ОАВ хабарига кўра, бу шу кунларда ҳам юз бермоқда), яъни бевосита таҳдид чиндир. Агар “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни мустаҳкамлаб олса, бу мамлакат бошқа мамлакатлардан радикал кайфиятдаги кишилар эътиборини тортувчи марказга айланади ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун муаммо ва таҳдидлар ортиб бораверади. Шунинг учун минтақа мамлакатлари, жумладан, асосий ўйинчилар ҳам Афғонистондаги воқеаларнинг ҳар қандай ривожланиш сценарийсига тайёр туриши зарур ва у ердан келаётган хавф ва таҳдидларни камайтириб ҳам, етарли даражада баҳоламай ҳам бўлмайди.

Мақола ҳаволаси