2021 йилнинг 20 октябрда Тошкент шаҳрида “Гендер тенгликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш” мавзусида офлайн шаклда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур давра суҳбати Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, сиёсий партиялар ҳамда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бир қаторда халқаро экспертлар ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган чет эл дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Халқаро давра суҳбатининг мақсадлари – Барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсади “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га эришиш масалаларини муҳокама қилиш, ушбу йўналишда интеллектуал салоҳиятни шакллантиришда Ўзбекистондаги гендер тенлигини таъминлаш масалаларини ўрганиш орқали жамиятимиздаги гендер муаммоларини ҳал қилишга оид таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш.
Халқаро давра суҳбатининг асосий вазифалари:
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар мавқеини ошириш учун яратилган қулай сиёсий-ҳуқуқий, институционал ва ташкилий шарт-шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;
Давлат бошқарувининг барча босқичларида (шаҳар, вилоят, республика) гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилигимизни ва халқаро стандартларни таҳлил қилиш;
Ушбу соҳада халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш жараёнида жамият ва давлат бошқарувининг барча соҳаларидаги аёлларга тегишли асосий вазифаларни, ҳуқуқий меъёрлар ва белгиланган тартибларни аниқлаш;
Мамлакатни модернизациялашнинг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотларида аёллар иштирокининг жорий ҳолати, хусусан, БМТ нинг Барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсади “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” ни амалга ошириш нуқтаи назаридан эришилган ютуқлар ва амалдаги муаммоларни ўрганиш;
Ушбу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистондаги давлат бошқарувининг барча босқичларида гендер тенгликка эришиш ва аёллар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш бўйича муҳим ва сезиларли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Халқаро давра суҳбатида асосий эътибор гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун яратилган қулай сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган бўлиб, таклиф этилган экспертлар томонидан “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”, “Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши”, “Ўзбекистоннинг миллий гендер стратегияси: амалга ошириш механизмлари ва истиқболлари”, “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш бўйича Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги” каби мавзуларга бағишланган маърузалар тингланди.