Эрдўғанга Россия ҳудудининг ярмини ичига олган “турк дунёси” харитаси совға қилинди

Турк миллатчилари етакчиси томонидан тақдим этилган харитада  Россиянинг бир қатор ҳудудлари, шу жумладан Сибир, сариқ ва тўқ сариқ ранглар билан белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар Анқара бу харита бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Бахчели Эрдўғанга харитани тақдим этаётгани акс этган сурат партиянинг Твиттерида (Ўзбекистонда блокланган ижтимоий тармоқ) эълон қилинди.

Харитада Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қизил ранг билан белгиланган.

Шу билан бирга, Болқон ярим оролининг баъзи мамлакатлари, Эроннинг бир қисми, Россиянинг жанубий ҳудудлари, шунингдек, Сибирнинг аксарият қисми ва Мўғулистоннинг ғарбий қисми тўқ сариқ рангда кўрсатилган.

Олтой, Якутия ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони сариқ ранг билан белгиланган. Нашр этилган фотосуратнинг сарлавҳасида ранглар нимани англатишини кўрсатилмаган.

Баҳчели ва Эрдўған Туркия етакчисининг президент саройидаги учрашуви 45 дақиқа давом этди. Музокаралар якунида бўйича ҳеч қандай баёнот берилмади. Учрашувдан сўнг Бахчели саройни тарк этиб, ўз партиясининг қароргоҳига йўл олди, деб ёзади Жумҳуриет нашри.

Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) саммити бўлиб ўтди, унда ташкилот номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартиришга қарор қилинди. Бундан ташқари, Турк дунёсининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Баҳчели бошчилигидаги “Миллий ҳаракат”партияси Туркия парламентида кўпчилик овозга эга бўлган Эрдўған бошчилигидаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси билан бирга сиёсий иттифоқда харакат қилади.