Саудия Арабистони кинокомиссияси қиролликни жаҳон миқёсидаги кино саноати марказига айлантирувчи асосий тамойил ва ташаббусларни белгилаб берувчи ўз стратегиясини эълон қилди, деб ёзмоқда Saudi Gazette нашри.
Белгиланган мақсад – 500 миллион доллар даромадга эга саноатни қуриш.
“Стратегия Саудия Арабистонини глобал кино ишлаб чиқариш марказига айлантириш бўйича амбицияларни амалга ошириш учун йўл харитасини тақдим этади”.
Саудия Арабистонидаги кино саноати Яқин Шарқдаги энг тез ривожланаётган соҳалардан бири бўлиб, бу эътибор қаратиш керак бўлган ривожланаётган бозор эканлигидан яна бир далолатдир”, — деди комиссия раҳбари Абдулла ал-Хатоний.
Яқин келажакда маҳаллий ва хорижий киноижодкорларни қироллик ҳудудидан ўз фильмлари учун суратга олиш жойи сифатида фойдаланишга чорлайдиган ташаббуслар эълон қилинади. Шунингдек, Саудия кино институти ҳам очилади, у кино ижодкорлиги ва кинематик ҳикоялар бўйича касбий тайёргарликка қаратилган. Стратегия 6-13 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Жидда халқаро кинофестивалининг очилиши олдидан эълон қилинди.
Саудия Арабистонида биринчи оммавий кинотеатрлар 2018 йилнинг март ойида очилган, деди мамлакат маданият ва ахборот вазири Авад бин Солиҳ ал-Авад. Унга кўра, айни пайтда кинотеатрларга лицензия бериш жараёни давом этмоқда. “Бу маданият соҳаси иқтисодиёти ривожланишида туб бурилиш даври. Кинотеатрларнинг очилиши иқтисодий ўсиш ва диверсификация учун катализатор бўлиб хизмат қилади”, деди Саудия Арабистони қироллигининг маданият ва ахборот вазири.
2030 йилга келиб Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан назорат қилинадиган “Vision 2030” стратегик иқтисодий концепцияси доирасида 300 га яқин кинотеатр ва бир неча мингта кино экранлар очилиши режалаштирилган. Ҳукумат прогнозларига кўра, бу 30 минг янги иш ўрни яратиб, мамлакат иқтисодига 24 миллиард доллардан кўпроқ фойда олиб келиши мумкин. (умра ва ҳаждан келаётган даромат олдида бу кўрсаткич уммондан бир томчи бўлса керак!)
Шаҳзода Муҳаммаднинг сўзларига кўра, кинотеатрлар экстремизм даражасини пасайтиради: “Агар сиз терроризмга қарши курашмоқчи бўлсангиз, одамларга кўп севги беринг. Севги қувонч орқали келади, кино эса қувончдир.”
Саудия Арабистонида фильмларни оммавий намойиш қилиш 1980 йиллардан бери тақиқланган. Аммо бундан олдин ҳам кинотеатрлар Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш давлат қўмитаси томонидан қаттиқ цензура қилинган эди – бу фильмларда “очиқ” саҳналар бўлмаслиги керак эди. Шу билан бирга, аввалгиларнинг эслашларига кўра, Жидда, Ар-Риёд ва Ал-Тоифда маҳаллий тадбиркорлар норасмий равишда ва пул эвазига араб, ҳинд ва америка фильмларини намойиш қилишган, аммо 1979 йилда Маккадаги энг катта масжидда оммавий хисбга олингандан сўнг барчаси ўзгарган эди. Ўша пайтдан бошлаб мамлакатда тақиқлар кучайиб борди, кинотеатрлар тақиқланди ва масалан, араб дунёсидаги мусиқий дастурлар телевизор экранларидан йўқолди.
Мисрда ҳам дунёда ер майдони бўйича 3-ўринда турадиган ўзининг “Голлувид” майдончаси бор.