Швейцария суди 70 миллион долларлик музлатилган активларни Гулнора Каримова компаниясига қайтаришга қарор қилди

Швейцария федерал жиноий суди Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий ишда музлатиб қўйилган маблағлардан Takilantга қарийб 70 миллион долларни қайтаришга қарор қилди. Тергов ушбу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганлигини аниқлай олмади, дейилади Федерал жиноят суди баёнотида. Бу ҳақда Swissinfo хабар бермоқда.

Гулнора Каримова бенефициар бўлган Takilant ҳозирда жиноий тергов қилинаётган бешта Швейцария банкидаги ҳисоб рақамининг иккитаси билан боғлиқ. Компаниядан мусодара қилинган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил этган эди.

Суд хулосасига кўра, ушбу сумманинг салмоқли қисми – 293 миллион доллардан ортиғи (тахминан 270 миллион Швейцария франки) мусодара қилиниши керак, чунки ишда иштирок этган бир неча шахс, жумладан Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг ёрдамчиси оғирлаштирилган жиноят пул ювиш ҳолатлари билан айбдор деб топилган.

2020 йил декабрь ойи бошида Швейцария Апелляция суди Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant компаниясининг қонуний бенефициари эканлиги ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди, унинг маблағлари 2018 йилда тергов томонидан Швейцария банкидаги ҳисоб рақамида музлатиб қўйилган.

Европа давлатларида Каримова номи билан боғлиқ компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов 2012 йилда бошланган. Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизининг икки ишончли шахси ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювишда айбланган. Кейинроқ тергов яна икки киши – Каримованинг ўзи (2013 йилда дипломатик дахлсизлик бекор қилинганидан кейин) ва унинг қариндоши қўшилиб тергов қилинувчилар сони кенгайтирилган.

Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда “ювилган”. 2018 йилда Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрган эди.