ЖССТнинг таъкидлашича, COVID тарқалиши омикронда тўхтамайди

Уни мутацияси давом этади…

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг омикрон штамми охиргиси эмаслиги ва вирус мутацияда давом этишини маълум қилди.

ЖССТ Бош директори Тедрос Гебреесус бу йилги биринчи матбуот анжуманида сўзга чиқиб, дельта билан солиштирганда омикрон штамми енгилроқ шаклда кечиши, аммо уни енгил касаллик деб таснифлаш нотўғри эканлигини қўшимча қилди.

“Илгари тарқалган штаммлар сингари, омикрон ҳам беморни касалхонага ётқизиши ва ўлимга олиб келиши мумкин. Омикрон цунами эффектини яратди, у тез тарқалади ва бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимларига катта босим юклайди”, деди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг етакчи эпидемиологи Мария ван Керхове омикрон штамми ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, унга нисбатан ҳозирда қўлланилаётган барча вакциналарнинг самарадорлигига ишора қилди.

Керховенинг таъкидлашича, омикрон коронавируснинг охирги штамми эмас. “Афсуски, омикрон охирги вариант бўлмайди, вирус мутацияда давом этмоқда”, деди у.

Ўзбекистонда эса коронавирус билан касалланганлар сони ортмоқда

Кунлик касалланишлар сони: кеча Ўзбекистонда қарийб 390 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланди

2022 йил 9 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 200730 (+389) нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1497 нафарни ташкил қилди. 

Эслатиб ўтамиз, бугун соат 16:00 да Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат ва мамлакатда аниқланган COVID-19нинг янги “омикрон” штамми оқибатлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтади.