Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари қандай боғланган

Бугун Марказий Осиёнинг учта мамлакатида электр энергияси билан боғлик жуда катта муаммолар юзага келди. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда бир муддатга Аэропорт, метро ва бир қатор объектлар фаолияти чекланди.

❗️Бундай ҳолат қандай юз берди?

Энергетика вазирлиги хабар беришича, Соат 10:57 да Қозоғистон Республикси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олма-ота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр эенергия таъминотида ўчишлар юзага келди.

Бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда электр энергия ўчиши кузатилди.

Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотани кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСи да авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда автоматик равишда ўчишига олиб келган.

Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.

⁉️Нега Қозоғистонда содир бўлган бу ҳолат Ўзбекистон энергия тизимига бунчалик таъсир қилди?

Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими Совет Иттифоқи даврида шаклланган бўлиб 2009 йилда “энергия ҳалқаси” тугатилган. 10 йилдан кейин эса у яна тикланди.

Энергия ҳалқаси ўзи нима?

Собиқ иттифоқ парчаланганидан кейин Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон энергия тизимларининг параллель ишлаши тўғрисида шартнома имзолаган. Аммо, 2003 йилда Туркманистон ўзини электр энергияси билан мустақил равишда таъминлашга қарор қилиб “энергия ҳалқаси”ни тарк этди. Кейинроқ Тожикистон ҳам бу қарорга келди.

2021 йил декабрь бошида Москвада бўлиб ўтган Евроосиё конгрессида Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир унинг мамлакати 2022-2023 йилларда ягона “энергетика ҳалқа”га қайтишни режалаштираётганини айтди.

Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг Ягона энергия тизими Россия Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими билан параллель равишда ишлайди. Томонлар давлатлараро электр энергияси етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиши мумкин.

Ягона энергетика тизимининг камчиликларидан бири бир мамлакат миқёсидаги авариянинг миқесига қараб қўшни мамлакатларга ҳам салбий таъсири ҳисобланади.

Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллел равишда ишлайди. Умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олади.

Электр станциялар босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Ҳудудларда электр таъминоти тикланмоқда.

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланди. Тошкент аэропортида электр таъминоти тикланди ва рейсларни рўйхатдан ўтказиш бошланди.

Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилган.