Март ойида Россиядан Ўзбекистонга 50 минг фуқаро қайтган

2022 йилнинг 1-чорагида Россиядан Ўзбекистонга 133 минг мигрант қайтди. Бундан ташқари ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг 40 фоизи ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабабли Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирганлар.

2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 193 минг нафар меҳнат муҳожири қайтган бўлиб, улардан 133 минг нафари Россиядан келган. 50 минг фуқаро март ойида қайтиб келган. Таққослаш учун, 2021 йилда Ўзбекистонга 502 минг меҳнат муҳожири қайтган бўлса, шундан 280 минг нафари Россиядан келган.

Агентлик томонидан ўтказилган ва  15 мингга яқин фуқаро қатнашган сўровнома натижаларига кўра иштирокчиларнинг 15 % ишдан айрилганини, 25 % эса валюта курси беқарорлиги сабабли қайтишни хоҳлашини айтди. Респондентларнинг 24 фоизи қайтишдан манфаатдор эмаслигини, ҳозирда ишлаётгани ва агар ишдан айрилса, қайтиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкинлигини, 36 фоизи эса меҳнат шартномаси бўлгани ва иш жойини ўзгартириш нияти йўқлиги сабабли қайтмоқчи эмаслигини билдирган.