Блогер Муҳрим Агзамхўжаев:
Агар Сенат (Қонунчилик палатаси ҳам) президент фармони талабларига тупуриб (улар, дастлаб, президент фармонига, кейин, ўзларининг айтишларича, “уларни сайлаган” жамоатчиликка тупуришяпти), ўз мажлисларини жонли эфирга узатишдан бўйин товлаётган бўлса ва бу бўйин товлашларга масъул шахсларнинг қандайдир жавобгарликка тортилишига эришиш имконсиз бўлса (охир-оқибат Танзила Норбоева ва Нурдинжон Исмоилов бўлиб чиқмас ўша масъуллар?), менимча, уларни жамоатчилик йўли билан жазолаш мумкин. Бу жазо самарали бўлмаслиги мумкин. Лекин, ким билсин, балки иш берар: ҳар икки палатада жонли эфирлар қайта тикланмагунича Олий Мажлис ва унинг аъзолари фаолиятини — юқори палатаси бўладими ё қуйи, фарқи йўқ — ёритишни буткул тўхтатиш, бойкот эълон қилиш керакдир, балки?
Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва депутатларига бу жазо хуш келишига унча шубҳа қилмайман. Кушербаев, Қодиров ва яна бир-иккисини айтмаса, қолган кўпчилик депутатларимизга, менимча, очиқлик ва ошкораликнинг қизиғи йўқ, улар учун бу ғирт бошоғриқ, улар, ўрни келиб қолса, “келишувда бунақа жойи йўқ эди-ку”, деб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Етарлича катта қисми нуроний ҳисобланган сенаторларимизга ҳам янги замоннинг бундай онлайн ўйинлари тушунарсизлиги тушунарли. Лекин пиар аталмиш “неъмат”дан тотишга, унинг лаззатини ҳис қилиб кўришга улгурган “гуруч ичидаги курмаклар” ҳам бор-ку. Сенат раиси Танзила Норбоева каби, масалан. Кушербаев, Қодиров, Норбоева — умуман ёритилмаса, ҳеч бўлмаса, жонли эфирлар тикланмагунича энг катта нашрлар уларга мутлақо минбар бермаса, балки таъсир қилар?
Балки шундан кейин, жамоатчиликка бирор тушунтириш беришни лозим кўришмаса-да, ҳеч бўлмаса, президент фармони талабларини бажаришга қайта киришишар? “Сенатнинг ялпи мажлиси жонли эфирда фақат 8 дақиқа кўрсатилди” деган хабарларнинг уларга, тўғриси, чивин чаққаничалик таъсири йўқ. Лекин, тасаввур қилинг, бир ҳафтами, бир ойми, бир йилми, ўн йилми, қанча бўлсаям-да, жонли эфирлар тиклангунича бирор сенатор, бирор депутат тўғрисида, Олий Мажлис фаолияти ҳақида умуман ҳеч нарса, бир килобит ҳам маълумот берилмаса, ЎзХДП ё ЎзЛиДеП кабилар катта сайтларда ўз депутатлари ё сенаторларининг пули тўланган мақолаларини ҳам чиқара олмай қолса, балки, силжиш бўлар?
Тўғри, мен давлат телеканаллари ва давлат газеталарини ҳисобга олмаяпман (не ажабки, бугун уларнинг ҳам сайтлари, ютублари, телеграмлари бор) — шу жойи бироз панд бериши мумкин. Лекин, менимча, барибир бир ўйлаб кўриш керак. Бу ҳам бир таклиф-да.