Жорий йилнинг 11 май санасида Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази, Барқарор ривожланиш Маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури (LRP) кўмагида “Конституциявий ислоҳотлар: фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.
Конференциянинг мақсади: “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини амалга ошириш, барқарор ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш, улар фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш соҳасидаги миллий ва халқаро тажриба юзасидан фикр алмашиш.
Офлайн ва онлайн форматда ташкил этилган халқаро анжуман дунёнинг турли мамлакатларидан миллий ва хорижий экспертлар, давлат идоралари, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари, Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Мазкур нуфузли анжуманнинг ялпи сессияларида сўзга чиққан маърузачилар сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Зеро, фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий ва инсон ҳуқуқлари борасидаги маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, тинч-фаровон, барқарор ривожланаётган, демократик жамият барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Барқарор ривожланишнинг умумбашарий ва миллий мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги беш йилда, соҳада мамлакат Президенти ва ҳукуматининг 200 дан ортиқ актлари, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилмоқда. Натижада, хусусан:
• ННТлари сони 22 фоизга ошди, жумладан, республика бўйича 200га яқин йирик ННТлари ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда ушбу фуқаролик институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда;
• давлат бюджетидан ННТлари фаолиятини ҳамда уларнинг ижтимоий ва жамоавий аҳамиятга молик лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар (субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар) миқдори беш баробардан зиёдга ошди.
Шунингдек, соҳа экспертлари томонидан биргина 2022 йилнинг ўзида 700 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш таъминланади, уларни амалга оширишда 3000 дан ортиқ жамоат ташкилотлари иштирок этади. ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ ишларга жалб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ишларига жалб этилаётгани қайд этилди. Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш учун 150 та миллий маданий марказлар қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Фақат том маънодаги фуқаролик жамияти мавжуд бўлган макон ва замондагина ҳуқуқий давлат қарор топиши мумкинлиги анжуманда алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, фуқаролик жамиятини инсон эркинлиги ва қадр-қимматисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар инсон қадр-қиммати борасида ғамхўрлик қиладиган, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва фаровонлигини таъминлайдиган, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган давлат қуришга йўналтирилган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида: Президентнинг “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш; фуқаролик жамияти институтлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш, Ахборот кодексини қабул қилиш; “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, уларнинг регламентлари ва назорат фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш; мамлакат қонунчилиги, “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари”, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш назарда тутилган.
Форум якуни бўйича конференциянинг ТОШКЕНТ ДЕКЛАРАЦИЯСИ қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Шунингдек тақдим этилган таҳлилий материаллар ва тадбир маърузалари тўплам сифатида чоп этилиши назарда тутилган.