Пул йиғишларда айб кимда, мактаб ёки вазирлик?

Ҳар йили бюджетдан триллионлаб маблағ ажратиладиган Халқ таълим вазирлиги мактабларда ўқув йили якунларида бўлиб ўтадиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ёки бино таъмири учун пул йиғишлар тақиқланганлиги ҳақида бонг урмоқда (олдин рухсат берилганмиди?).

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимлари қатъиян тақиқланади”, дея чақириқларга қарамай обуначиларимиз томонидан Тошкент шаҳрида аксарият мактабларда пул йиғиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланмоқда.

Сабаб нимада?

Айтилишича, айрим мактабларни таъмирлаш учун вазирлик томонидан маблағ ажратилмайди, янги ўқув йилига келганда текширувлар бошланиб, мактабда синф хоналари таъмирланмаганлигига директор жавобгар қилинади. Эпласа (бу ерда ўзи кимларнидир ҳомий қилиб мактабни ораста қилиши таъмирлатиши назарда тутилмоқда) раҳбарлик қилиши уқтирилиб агар бақувват ҳомийга эга бўлмаса 1 кунда ишдан олиниб ўрнига бошқасини ёлланиши тушунтирилади (исбот сўралса жуда кўп топилади қайси мактаб қандай тарзда бўшатилган мактаб директорларининг ўзлари ёзма равишда маълумот беришлари мумкин).

Тошкент шаҳридаги мактабларда айниқса, номи чиққан мактаб бўлса, фарзандини бошланғич синфга бераётганда ота-оналарга “ўз ихтиёри” билан яхшигина маблағ ҳомийлик кўрсатилиши сўралади (баъзида бу пул маблағи сифатида тариф ўрнатилиб қўйилган бўлади). Битирувчилар ҳам четда қолиб кетмайди, бундай вақтларда улар ҳам ўзларидан эсдалик бўлиб қолиши учун синф хонасини ораста қилиб, таъмирлатиб топшириши шарт! (совға саломлар ҳақида айтмадим!).

Мактабку таълим олдилар, нимадур қолдириб кетишлари керак деганлар ҳам бўлади. Тўғри, мактабга қилсак қилибмизда! Бироқ, бюджетдан фалон пул ажратилди. Мана бундай мактаблар бор эплаб қилишганку, деб “ўрнак” қилаётганда ёки жамоатчиликка маълумот бераётганда қанча ишлар ота-оналарни ҳиммати эвазига қилинаётганини ҳам ошкор қилишни талаб қиламан!

Мен давлатимизга хизмат қилаётган (бу ерда давлат ташкилотида ишлаётганимни назарда тутаяпман) она сифатида ҳам иш ҳаққимдан солиқ тўлаб ҳам яна ихтиёрий-мажбурий равишда мактаб учун ҳомийлик қилаётганим учун талаб қилишга ҳаққим бор, деб ўйлайман!

Бу масалага атрофлича жамоатчиликка маълумот берилиши керак!

Савол. Айб кимда, таъқиқларга қарамай пул йиғаётган мактаб жамоасидами ёки муаммога ечим бермай қуруқ “таъқиқ” қўйиш билан четга чиқиб олаётган Вазирликдами?

Нилуфар Файзуллаева, мактабда ўқиётган 4 нафар ўқувчи онаси!

Иллюстрация: fb.com/Raisbuva.uz