21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистон) Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув якунлари бўйича ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қабул қилинди, уни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзоладилар.
Ўша вақт Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедов ўз мамлакатларида “ички тартиб-қоидалар” тугагандан сўнг ушбу ҳужжатни имзолаши хабар қилинган эди.
25 июль куни келишув матни Қозоғистон меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатнинг муҳим бандларини қисқача кўриб чиқамиз, унга кўра Марказий Осиё мамлакатлари:
• бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш;
• мамлакатлар мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдидларнинг олдини олишда бир-бирини қўллаб-қувватлаш;
• шартнома тузган томонларга қарши қаратилган ҳарбий блокларга қўшилмаслик;
• томонларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш;
• БМТнинг энг нуфузли ва универсал халқаро ташкилот сифатидаги ролини кучайтириш;
• халқаро вазиятнинг долзарб масалалари, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўз позицияларини мувофиқлаштиради;
• оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик соҳасида ҳамкорлик қилиш ва ядро қуролини қабул қилишни рад этиш;
• терроризм, сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, қурол-яроғ ва наркобизнесга қарши курашда ҳамкорлик қилади;
• терроризм ва экстремизм мафкурасини айниқса ёшлар ўртасида тарқалишига йўл қўймаслик, диний муросасизлик, ксенофобия ва этник камситишнинг олдини олишга қаратилган ишларни амалга ошириш;
• барча аҳдлашувчи томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилади;
• Орол денгизи ҳавзаси ва Оролбўйи минтақалари экологик тизимини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;
• сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш, қўшма корхоналар, логистика ва инфратузилма объектларини яратиш;
• темир йўл, автомобиль, ҳаво ва сув коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, трансчегаравий ташишларда маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш орқали ҳудуднинг транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантириш;
• табиий офатлар ва техноген офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда ўзаро ёрдам кўрсатиш, шунингдек, экологик офат оқибатларига қарши курашишда ҳамкорликни ривожлантириш;
• эпидемиялар, табиий ўчоқли ва бошқа хавфли инфекцияларга қарши курашиш бўйича биргаликда ҳаракатларни амалга ошириш.
Қайд этилишича, Битим номаълум муддатга тузилган. Президентлар томонидан имзолангандан сўнг, ҳужжат мамлакатларда ратификация қилиниши керак.