Ташқи сиёсатдаги “бетарафлик” – “бефарқлик” эмас

“Бетарафликдан” мақсад – урушга тортишларига имкон бермаслик. Лекин, бу бефарқлик эмас. Бу урушда кимни ютиши ва ютқазиши, жуда катта оқибатларга олиб келади.

Тарих учун 31 йил, жуда қисқа муддат. Ўтмишда, катта империялар минг марталаб ўзларига яқин ҳудуд ва халқларни қайта ва қайта мустамлака қилишган. Келажакда ҳеч нарса кафолатланган эмас. Ҳаттоки, глобаллашув ва информацион технологиялар ҳам сиёсий эркинликларни, ахборот эркинлигини тўлиқ кафолатламайди. Технологиялар кимни қўлида бўлса, ёки қудратли давлатлар, ёки кўпчилик қай мақсадда глобал инсониятни бошқарса – миллиардлаб инсонлар ҳам шу томонга кетади.

Мана Украинада уруш бошланганига бир йилдан ошди. Инсоният кўникиб қолди. Эртага учинчи жаҳон уруши бошланса – бунга ҳам кўникамиз. Тактик ядро қуроли ишлатилса, бир ой ўтиб, бунга ҳам кўникамиз. Халқларнинг, миллатларнинг, давлатларнинг эркинлиги ва фаровонлиги ҳам, худди шундай… Секин ошиб боради, ёки секин сўниб, қўлдан кетиб боради.

Марказий Осиё давлатлари мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитлик каби масалаларда “бетараф” бўлиши мумкин эмас. Бугун, постсовет ҳудудида, айнан мана шу қоида ва қадриятларга уруш эълон қилинди. “Ким кучли бўлса – шу ҳақ” дейилди. Менимча, биз – ўзбекистонликлар, марказий осиёликлар, туркистонликлар – шу асрда, ҳали кўп марта мустақиллигимиз учун курашамиз. асосийси, давлат ва жамият ўртасида, ички плюрализм ва ташқи бирлик, бирдамлик ва якдиллик бўлса – ҳақиқат мустақил бўлиб қоламиз.

© Камолиддин Раббимов