Хитойнинг Франциядаги элчиси «TF1 info» француз каналига интервью берди. Бу одатий воқеадек туюлиши мумкин эди. Бироқ, Хитой элчиси ўз интервьюсида Украинадаги вазият ва ҳудудий яхлитлик масаласини муҳокама қилар экан, барча собиқ совет республикаларининг суверенитети билан боғлиқ шов-шувли баёнот берди.
У том маънода шундай деди: “Собиқ СССР мамлакатлари халқаро ҳуқуқда самарали мақомга эга эмас, сабаби уларнинг суверен мамлакат сифатидаги мақомини белгилаб берувчи халқаро битим мавжуд эмас”.
Умуман олганда, Хитой расмийлари – ҳаммамиз ўрганган Хитой сиёсати меъёрларига кўра – сўнгги пайтларда жуда кўп гапириб юборишди.
Албатта, ҳар қандай вазиятда буни элчи она тили бўлмаган тилда ўз фикрини тўғри етказиб бера олмагани билан асослаш мумкин. Шунга қарамай, бир нечта қизиқарли жиҳатларга эътиборингизни қаратишни истардим.
Биринчиси. Менга бир нарса жуда қизиқ – ўттиз йилдан буён оғзидан кўпик сачратиб Ғарбдан келаётган таҳдидлар, бизни қул қилиш ва парчалаб юбориш режалари ҳақида гапириб келаётган медиа-фаол идоравий таҳлилчиларимиз ва “давлат амалдорлари” бу гапга қандай муносабат билдиришар экан? Шарқдан юзага келиши мумкин бўлган – ҳудудий жиҳатдан бизга яқинроқ бўлган – таҳдид қандай қилиб бутунлай эътиборга олинмаслиги мумкин. Ҳеч бўлмаганда, жамоатчилик олдида. Хитой ўзидан ҳеч қачон ҳеч кимни хафа қилмайдиган, ёвуз Ғарбдан ранжиган тинчликсевар панда образини ясаб олди ва умуман олганда, биз у билан бир тарафдекмиз. Бу образ мамлакатларимизнинг баъзан ялтоқланишга мойил садоқати билан ҳам фаол қўллаб-қувватланади.
Иккинчиси. Элчининг сўзларига Украина, Латвия, Литва ва Эстония тезкор муносабат билдирди. Агар кимнидур ёдидан кўтарилган бўлса — биз ҳам суверенитети, элчининг сўзларига қараганда, мунозарали ҳисобланган ўша постсовет маконининг бир қисмимиз. Эслатиб ўтаман, Эрон дронлари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистонни Тожикистон билан чалкаштириб юборган украиналик YouTube журналисти устидаги мунозаралардан кейин Ташқи ишлар вазирлигимиз ниҳоятда фаоллашиб қолган эди. Шу боис, дипломатнинг баёноти юзасидан Пекиннинг расмий позициясига ойдинлик киритиш мақсадида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилармикан ёки йўқ – шуниси қизиқ. Умуман олганда, қандайдир муносабат билдириладими?
Спойлер: Менимча, йўқ (адашган бўлсам, бундан фақат хурсанд бўлардим). Дарвоқе, элчини чақиртириш ёки Хитой томонига тегишли нота юбориш масаласи нафақат бизга, балки Марказий Оосиёнинг бошқа барча давлатлари – айниқса, Хитой билан умумий чегарага эга давлатларга ҳам тегишли.
Учинчиси. “Ўйлаб кўринг, элчи интервьюда нимадир деган”, дея гап бошлайдиган, одатда, “эзгу ниятли аҳмоқлар” деб юритиладиган кишилар учун бир нарсани эслатиб ўтаман. Замонавий Кремль империалистик реваншизми ҳатто элчилар даражасида ҳам эмас, балки пропаганда теледастурларида, Дугин ва Проханов сингари популист сиёсатчилар ва радикаллар орасида янграйдиган шунга ўхшаш баёнотлар билан бошланган. Шундай экан, бундай баёнотлар чиройли сарлавҳалар учун эмас ва бунинг устига, тасодифан эмас, балки имкониятлар чегараларини синаб кўриш учун қилинади. Ва агар уларга ўз вақтида муносиб жавоб қайтарилмаса, бу айнан шу чегараларнинг кенгайиши сифатида қабул қилинади.
Тўртинчиси. Хитой элчиси постсовет мамлакатлари ҳақида сўз юритмоқда. Шуниси қизиқ, Россиянинг ўзи ҳам постсовет мамлакати ҳисобланади. Пекин учун Москва, айниқса, Путиннинг Украинадаги муваффақиятсиз саргузаштларидан сўнг, тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан оддийгина постсовет мамлакати мақомига тобора силжиб бормоқда. Шунинг учун, Кремль арбоблари ҳам, агар уларда бироз бўлсада сиёсий инстинкт қолган бўлса, қатъийлашгани маъқул.
Бешинчиси. Охирги ўтган бир йил давомида Марказий Осиё давлатлари минтақадаги ички жараёнларда фаолроқ иштирок этиш, халқаро майдонда ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва минтақадан ташқари субъектлар билан ўзаро ҳамкорликнинг умумий тамойилларини шакллантириш вақти келгани ҳақида бир нечта сигнал олди.
Хитойнинг хулқ-атвори миллий характер, турмуш тарзи, тарихий келиб чиқиши ва бошқалар каби барча ўзига хосликларидан ташқари нимаси билан ҳар доим ажралиб туради?
Хитой ҳеч қачон бошқаларнинг хатоларини такрорламаган.
У совет Москвасини кўрди ва тескарисини қилди, Путин Россиясини кузатди ва тескарисини қилди, Ғарб саргузаштларини ўрганди ва ўзини уларга ўралашиб қолишига йўл қўймади
Си Цинпиннинг муддатини ноллаштириш ва уни мамлакатнинг умрбод раҳбарига айлантириш орқали Хитой кўплаб постсовет мамлакатларининг асосий хатосини такрорлади. Бироқ, масалан, Марказий Осиё мамлакатларидаги ноллаштириш глобал барқарорлик учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Улар фақат ўша мамлакатларнинг ривожланишига таҳдид солади ва улардаги турғунликни чуқурлаштиради. Бироқ, ресурслар ва империалистик сиёсат юритиш амбицияларига эга бўлган ҳукумат муддатини ноллаштириш нималарга олиб келишини Путин Россияси мисолида кўрдик. Тўғри, бундай ҳукумат, аввало, ўзига ва ўз мамлакатига зарар келтиради. Бироқ, ўзини-ўзи йўқ қилиш асносида, афсуски, қўшни мамлакатлардаги кўплаб бегуноҳларни ҳам ўзи билан олиб кетади😕 Ва Украинанинг ўт ичидаги фронти биздан узоқда бўлса, Хитой Марказий осиё минтақасига қўшни ҳисобланади.
Минтақанинг шарқида авж олаётган таҳдидни эътибордан четда қолдириш ярамайди. Албатта, Пекинга у қилмоқчи бўлмаган ишларни ёпиштириб (сиёсатчиларимиз ва экспертларимиз Ғарб билан шундай қилишни яхши кўради), ошириб юбориш ҳам керак эмас. Бироқ, минтақа шарқидаги кескин ўзгариб бораётган воқеликка кўз юмиб бўлмайди. Чунки агар ёнимизда панда яшаётган бўлса, бу биз ёқимли видеоларда кўрган ҳайвонот боғидаги панда эмас, балки яхши қуролланган, жисмонан бақувват, ўта шуҳратпараст ва ўзгарувчан халқаро муносабатлар тизимида хатти-ҳаракатини олдиндан билиб бўлмайдиган пандадир.
Журналист Ильёс Сафаров
Ҳозирда қатор давлатлар ташқи ишлар вазирликлари Хитой дипломатининг ушбу тутуруқсиз баёноти ортидан эътирозли муносабат эълон қилмоқда.
Жумладан, Эстония, Латвия, Литва каби давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари мамлакатдаги Хитой элчилари тушунтириш бериш учун чақирилишини маълум қилган.
Кеча айни масала бўйича муносабат билдиришини сўраб Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоевга ҳам микрофон тутдим.
Аммо дипломат саволга жавоб бераркан, Лу Шайнинг баёнотини ҳали эшитмагани, бу ҳақда ўша пайтда мен орқали хабар топиб турганини билдирди.
“Бу масалага муносабат билдиришдан аввал чуқур ўрганиб чиқишимиз керак, ҳали баёнотнинг ўзини кўрганим йўқ”, деди у (дипломатнинг бундан кейинги сўзлари ҳам шу контекс атрофида айланган).
Умид қиламан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Сардор Рустамбоевнинг “ноаниқ позицияда” ва эҳтиёткорлик билан берган интервьюсини мамлакатнинг якуний муносабати сифатида қолдирмайди.
Вазирлик Хитой дипломати томонидан қилинган ўта ҳурматсиз баёнотга нисбатан албатта жавоб бериши керак. Жавобда эса мамлакат мустақиллигига нисбатан қилинадиган ҳар қандай масъулиятсизлик қабул қилиб бўлмас экани аниқ билдирилиши шарт.
Чунки ўзбекистонликлар учун мустақиллик олий қадрият ҳисобланаркан, бу қадрият халқ иродасини ифода этувчи давлат муносабатида ҳам акс этиши керак. Халқ иродаси акс этмаган муносабат ёки муносабатсизлик – бу энди плюрализм эмас.
Биз билан бир даврда ва бир хил шароитда мустақил бўлган давлатлар ҳукуматларининг ўз суверенитетига қарата қилинган тутуруқсиз баёнотга жиддий муносабат билдираётгани, позиция кўрсатаётганига эса респест.
ХХР ТИВ: Хитой барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилади
Хитой СССР таркибидаги собиқ иттифоқдош республикалар бўлган барча мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Бу ҳақда 24 апрель куни Пекинда ўтказилган брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин маълум қилди. Мулозима Хитой СССР парчаланганидан кейин собиқ совет республикалари билан дипломатик алоқалар ўрнатган илк мамлакатлардан бири бўлганини қайд этди.
“Элчининг мулоҳазалари Хитойнинг расмий позициясини акс эттирадими?” деган саволга ТИВ вакиласи “Пекиннинг расмий позицияси ТИВ изоҳида акс этган”, дея жавоб берган.
Интернет фойдаланувчилари элчи интервьюси ёзуви Хитойнинг Париждаги элчихонаси расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларидан йўқолиб қолганига ҳам эътибор қаратишган.
Хитой элчисининг айтган гаплари Европанинг қатор мамлакатларида кескин реакцияга сабаб бўлди. Латвия, Литва ва Эстония изоҳ бериш учун Хитой вакилларини ўз ТИВларига чақиришди. Лу Шаенинг мулоҳазаларини Чехия, Италия, Люксембург, Молдова ва бошқа мамлакатлар ҳам қоралаб чиқишди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррель эса Хитой элчисининг сўзлари Пекиннинг расмий позициясини акс эттирмаслигига умид билдирди.
Боррелга кўра, ЕИга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари душанба куни Люксембургда бўлиб ўтадиган учрашувда Хитой элчисининг сўзларини ҳам муҳокама қилишади. У июндаги саммитда Европа Иттифоқи Хитой билан муносабатларни “қайта баҳолаш”ини қайд этган.