“Мигрантлар қамоқхонаси”

Яъни қонунбузар мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказидаги муҳожирлар ватанга жўнатилишини ойлаб, ҳатто, йиллаб кутиб ётишади. Улар оддий кийим-бош, сифатли емак ва кундалик эҳтиёж буюмларига зарурат сезишади. Аммо бегона юртда уларни келтирувчи яқинлари йўқ. Фақат кўнгиллиларнинг Рамазон ойи, байрамлардаги хайрияларни ҳисобга олмаганда.

Жиноятчи бўлмаган маҳбуслар

Россияда ЦВСИГ (қисқартилган ибораси “спецприёмник”) – Чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказини муҳожирлар оддийгина қилиб “Мигрантлар қамоқхонаси”, дейишади.

Бу ерда миграция қонунчилигини бузган муҳожирлар депортация бўлган вақтдан то Ватанига юборилгунга кадар ҳибсда сақланадилар.

Айни пайтда Москва вилоятидаги Сахарова қишлоғида жойлашган марказда 80 дан ортиқ ўзбекистонлик ушлаб турилибди.

Рамазон ойи давомида ўзбекистонлик ҳуқуқ химоячилари, даспора вакиллари, миграция агентлиги вакиллари, блогерлар, кўнгиллилар ва фаоллар махсус марказда бўлишди.

Улар маҳкум муҳожирларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли керакли буюмлар олиб бориб туришди.

Ойлаб ётиш сабаби нима?

“Мигрантлар қамоқхонаси” – ёпиқ ҳудуд. Миграция қонунларини бузган муҳожирлар жиноятчи каби сақланиши ва бу ердаги шарт-шароитларнинг ёмонлиги ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид остига олиб келинади.

Миграция агентлиги вакиллари эса, бу кутиш вақтлари уларнинг Ватанга қайтиш ҳужжатларини расмийлаштириш масаласи билан боғлиқ эканлигини таъкидлашади.

Марказ намойишчиларга тўлганида

Шу йилнинг январь-февраль ойларида Россияда Алексей Навальний тарафдорлари томонидан ўтказилган митинг иштирокчилари оммавий ҳибсга олинди.

Уларнинг сони кўплигидан ИИБ вақтинчалик ҳибсхоналарига сиғдиришнинг имкони бўлмади.

Намойиш қатнашчилари спецприёмникларга жойлаштирилганидан 2 кун ўтмай, ижтимоий тармоқларни бу ердаги шароитлардан қилинган шикоятлар босиб кетди.

Бир неча суткаларга қамалган россиялик намойишчилар “мигрантлар қамоқхоналари”дан суратлар ва видеоларни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлай бошлашди.

Негадир, марказлар раҳбарияти мигрантлар учун чеклайдиган телефон, интернет каби алоқа воситаларини, бино ва хоналарни тасвирга олиш имкониятларини россиялик маҳбуслар учун чекламади.

Ҳуқуқбузарга ҳам шароит керак

Асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаева намойишлардаги ҳибслар сабаб бўлиб, бу марказларда шароит яхшиланишига умид билдирганини айтади.

– “Дождь” каналида актёр Евгений Циганов Сахароводаги шароитларни “ҳайвонлар учун”, деб атаб, одамлар ҳуқуқни бузганда ҳам бундай шароитларда яшаши керак эмас, деб фикр билдирди.”Новая Газета” эса россияликлар мигрантларнинг жойларига жойлашиш жараёнини батафсил келтирганида, у ерда ҳеч нарса ўзгармаганини кўришимиз мумкин, – дейди Зарнигор Омониллаева.

“Ва ниҳоят мавзуга Россия миқёсида эътибор берилаяпти. Тўғри, авваллари ҳам мустақил ОАВлар бу ҳақида ёзганди. Лекин Сахароводаги шароит жамоатчилик эьтиборини ҳеч қачон тортмаган. Кўтарилган муаммо тор ва кичик доирада муҳокама қилинганича қолаверган”, – деб ёзди юрист-блогер.

Омониллаевага кўра, бу айнан мигрантларнинг ёки россияликларнинг муаммоси эмаслиги кўринган.

“Шароитлар борасида бирин-кетин давлат идоралари ҳисобот беришга мажбур бўлаяпти ва табиийки, шароитни яхшилаш бўйича ваъдалар жаранглай бошлади”, – дейди юрист.

Аммо орадан бир неча ой ўтиб ҳам, сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмади.