Ўзбекистонда чегараларни қўриқлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?Мамлакатга радикал шахслар ва ғояларнинг кириб келиш эҳтимоли борми?

CAAN сайтида берилган мақоладан олинган маълумотлар

Фарҳод Толипов: Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим террорчилик гуруҳлари кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида чегара айрим бўлакларини миналаштириш сингари чорадан тортиб, давлат чегарасининг бутун бошли тизимини модернизация қилишга қадар чегара муҳофазасига биринчи даражали аҳамият бериб келган. Давлат чегараси бугунги кунда замонавий техник воситалар билан жиҳозланган, чегарабўйи инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда, чегарада хизмат қилиш соҳасида янги кадрлар тайёрланди.

Шу билан бирга, қўққисдан мамлакат олдида кўндаланг бўлган афғон қочқинлари муаммоси хавфсизликка таҳдид солувчи эски муаммони янгитдан кўрсатиб берди: а) қочқинларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик муаммоси ўртага чиқди (Ўзбекистон қочқинлар масалалари бўйича халқаро конвенцияга қўл қўймаган); б) дунёнинг бошқа минтақалари (аввало, Европа) тажрибаси кўрсатишича, қочқинлар муаммосининг ножўя таъсири ҳам бор, чунки қочқин ниқоби остида мамлакатга террористлар ва экстремистлар ҳам кириб келиши мумкин; в) Афғонистон армиясининг қочқин ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон чегарасини ўзбошимчалик билан кесиб ўтган биринчи кишилар бўлди, уларнинг ортидан самолётлар, сўнгра оддий қочқинлар келди. Бу Ўзбекистон тарихидаги бутунлай янги ва шу билан бирга, муаммо келтириб чиқарувчи вазият бўлди.

Рустам Маҳмудов: Америка қўшинлари олиб чиқилгандан сўнг ҳарбий ҳаракатлардан жон сақлаш учун Ўзбекистоннинг жанубий чегарасини кесиб ўтишга уринган тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчилар бошоғриғи бўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон вақтинчалик чодирли лагер – жамлоқ ташкил этди ҳамда чет мамлакатлар ватандошларини ўзининг аэропортлар инфратузилмаси ва ҳаво макони орқали Афғонистондан олиб чиқиб кетишда ёрдам кўрсатди. Чегарадаги вазиятнинг бундан буёнги ривожи Афғонистондаги вазиятга боғлиқ. Радикал ғояларнинг кириб келишига келсак, улар чегаралар орқали эмас, чегаралар устидан интернет орқали ҳеч бир тўсиқларсиз кириб келмоқда, айнан шу йўналишда интеллектуал саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур, чунки Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши радикал кучларнинг мафкуравий тушунчаларни оммалаштириш йўлидаги тарғибот кампаниясида кучли унсур бўлиши мумкин.