Туркманистон ташқи қарзи ҳажмини эълон қилди

Бироқ,  бу кўрсаткичлар мамлакатнинг эълон қилинган ялпи ички маҳсулотига тўғри келмаслиги айтилмоқда.

Сўнгги йилларда Туркманистон иқтисодиётига 15 миллиард долларга яқин хорижий инвестициялар жалб қилинди, деди Ташқи иқтисодий алоқалар давлат банки раиси Р.Жепбаров.

Хорижий инвестицияларнинг 52 фоизи Туркманистон нефть – газ секторини ривожлантиришга, 18 фоизи – кимё саноатига, 10 фоизи – транспорт ва алоқа инфратузилмасига, 11 фоизи – қишлоқ хўжалигига ва 9 фоизи – энергетикага йўналтирилган.

Барча хорижий инвестицияларнинг асосий қисми – 47,4% – Япония, 19% – Корея, 11% – Саудия Арабистони, 6,3% – Германия, 5% – АҚШ, қолган 11,3% – бошқа давлатлардан жалб қилинган сармояларга тўғри келади.

Шунингдек, бугунги кунда Туркманистоннинг ташқи молиявий мажбуриятлари ҳажми ЯИМнинг 11 фоизини ташкил этиши маълум қилинган.

2021 йилда Туркманистон ташқи қарзи 1,35 миллиард долларни ташкил этади, уни 2022 йилга келиб 1,11 миллиард долларга, 2023 йилга келиб 1,1 миллиард долларга, 2024 йилга келиб эса 0,86 миллиард долларга камайтириш режалаштирилган.

Ўтган йилларда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Туркманистон бўйича иқтисодий маълумотларни эълон қилган, унга кўра ЯИМ 45 миллиард долларга тенг бўлган (2019 йилда). Бироқ, 2021 йилдан бошлаб ҳар иккала ташкилот ҳам расмийлар томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа туғдирганлиги боис, (ҳисоботларни) маълумотларни эълон қилишни тўхтатди.