Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг бойлиги ҳақидаги маълумотлар
Бўлиб ўтган воқеаларнинг барчаси Қозоғистонда ҳақиқий ҳокимият алмашинуви содир бўлганидан далолат беради. Сўнгги бир неча ҳафта ичида мамлакатда биринчи навбатда тинч намойишлар бўлиб ўтди, кейин отишмалар ва сони ҳалигача аниқ бўлмаган қурбонлар…, шундан сўнг у ерга хорижий, асосан рус қўшинлари олиб келинди. Тартиб ўрнатилди, қўшинлар кетиш арафасида, халқ етакчиси (элбоши) Нурсултон Назарбоев омма олдида ҳеч кўриниш бермади. Шундан сўнг, воқеалар авжига чиққан пайтда, давлатнинг иккинчи шахси ҳисобланган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Элбоши Назарбоевни Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимидан озод қилди.
Мустақил Қозоғистоннинг асосчиси ва биринчи президенти мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган. Бу вақт ичида унинг оиласи ва дўстлари миллиардерга айланишди. Элбошининг ўртанча қизи ва унинг турмуш ўртоғи Форбснинг энг бой одамлар рўйхатига киритилганлигини ва уларнинг хориждаги кўчмас мулки афсонавий даражада эканлигини айтиш кифоя. Охирги воқеалар давомида Назарбоевнинг кенжа қизи офшор компаниялар орқали Қозоғистондан 300 миллион доллардан ортиқ маблағ олиб чиқиб кетгани, самолёт, Лондонда ҳашаматли уй ва Швейцария банки улушини сотиб олгани ҳақида хабар берилган эди.
Энди мақола бошида айтилганидек Қосим-Жомарт Тоқаевда қанча бойлик тўпланган, шу ҳақда гаплашамиз! У яқинда президент бўлди, 2019 йилда Назарбоев ҳукумат дастакларини ўзида сақлаб қолган ҳолда нафақага чиқишга қарор қилган вақт Тоқаевнинг ҳеч қандай асосий активлари маълум эмас эди. Бу масала ўрганиб чиқилганда Тоқаев, албатта, камбағал эмас, лекин, Назарбоевчалик ҳам эмас, деган хулосага келинди.

Унинг оиласининг Женевада, Москвада ва Маямида кўчмас мулки бор, лекин у мулк миллиардлаб эмас, балки миллионлар атрофида (АҚШ долларида) туради. Бизнеси ҳам бор, лекин у ҳақида кўп нарса маълум эмас. Кичик нефть компанияси бор эди, лекин у ёпилган. Вольфрам учун лицензияга эга корхонаси бор, лекин у ҳали қазиб олишни бошламаган. Албатта, энди Тоқаев ҳақиқий президентга айланганидан сўнг унинг оиласи учун катта келажак очилади. Бундан ташқари, унинг айрим аъзолари аллақачон ҳукумат лавозимларида ва республика давлат компанияларида раҳбарлик курсиларида фаолият юритмоқда.
Европа ва Америкадаги мулк
Қосим-Жомарт Тоқаев МГИМОни тугатган,. У 70 йиллардан бери дипломатик мартаба билан шуғулланади, узоқ вақт совет амалдори бўлган: Сингапур ва Пекиндаги элчихоналарда, шунингдек, СССР Ташқи ишлар вазирлиги аппаратида ишлаган. 90 йилларда Қозоғистон мустақил давлат бўлгач, Тоқаев Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган ва охир-оқибат бош вазир даражасигача кўтарилган. Кейин у халқаро тузилмаларда ишлаган, бир неча йил БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси бош директори бўлган.
Швейцария бизнес реестрида 2013 йилда Женевада дипломатик таълимни “халқлар ўртасида тинчлик муносабатларини ривожлантириш” мақсадида ташкил этилган Инновацион дипломатия жамғармаси жорий қилинган. Тоқаев бугунги кунга қадар ўғли Тимур билан бирга у ерда етакчи сифатида қайд этилган. Жамғарма нима қилаётгани номаълум, унинг веб-сайти ҳеч қачон ишламаган, фонднинг твиттери тўрт йилдан ортиқ вақт давомида янгиланмаган ва шунчаки БМТ янгиликларини қайта нашр (репост) қилиб борган.

Демак, Тоқаевлар учун Женева бегона шаҳар эмас. Тимур 2006 йилда Женеванинг турар-жой массивидаги Гилберт-Троллиер кўчасидаги уйдан квартирага эгалик қилади. Яқинда Тоқаевлар оиласининг янги қўшниси – Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг куёви Семён Винокуров пайдо бўлди. Ушбу уйдаги бир хонадоннинг нархи бир миллион Швейцария франкига баҳоланган.
Швейцариянинг Женева ва Вод кантонлари чегарасида жойлашган Версуа шаҳрида Тимур Женева кўлига қарайдиган уйда иккинчи квартирага эга, у бу квартирани 2010 йилда сотиб олган. Мазкур маълумотларни Швейцария ва Қозоғистон регистрларида кўриш мумкин: Тоқаевнинг ўғли 2019 йилда, Тоқаев президентлик фаолиятини бошлаган пайтда фамилиясини Кемелга ўзгартирган (реестрларда Тимур Тоқаев ва Тимур Кемелнинг отасининг исми ва туғилган санаси бир хил. Кемел — Қозоғистон президентининг отасининг исми).
Президент Тоқаевнинг бошқа қариндошларининг ҳам чет элдаги мол-мулки бўлган. 2019 йил ноябрь ойида у Қозоғистони чет элдаги элчиларини тайинлади. Болгариядаги элчи лавозимини Европада 90 йиллардан бери ишлаб келаётган дипломат – президентнинг опаси Карлиға Тоқаеванинг эри Темиртай Избастин сақлаб қолди. Бу оиланинг бизнеси Болгария, шунингдек, Чехия ва Германия билан боғлиқ.
Избастиннинг қизи, Тоқаевнинг жияни Дана Медеуова Болгариянинг учта қурилиш компанияси – SD Property Investments, Dami International ва Dami Investmentга эгалик қилади. 2017 йилда Медеуова ўзининг шахсий ҳисобидан SD Property Investments компаниясига деярли 700 минг евро ўтказган ва компания София (Болгария пойтахти) нинг ғарбий қисмидаги Силвер Сентер савдо маркази рўпарасида ер участкасини сотиб олган. Бу участка ҳали ҳам бўш ётибди.
Чехия Республикасида Дана Медеуова ва унинг укаси Бекет Избастин иккита компанияга эга эди (Abi Construction Capital ва BG Invest Capital). Улар мулкни ижарага беришган ва ҳозир ишламаяпти. Германияда Президент Карлиғанинг синглиси Дана Реисесервисе сайёҳлик агентлигига эгалик қилган.

Қозоғистон президентининг қариндошлари, эҳтимол, АҚШда кўчмас мулкка эга. Тоқаевнинг жияни Қаниш Избастиннинг рафиқаси Ботағоз Карбузова Маями кўчмас мулк реестрига кўра, бундай исмли шахс Россиядан келган муҳожирларнинг кўплиги сабабли “Кичик Москва” лақабини олган Санни-Айлс-Бич соҳилидаги (136 квадрат метр) квартирага эгалик қилади.
Россиядаги мулк
Тоқаевлар оиласи Россия билан чамбарчас боғлиқ: Тоқаевнинг ўғли Тимур, шунингдек, жиянлари Қаниш ва Муҳаммад ҳам МГИМОни битирган. Тимур ва Қарлига Тоқаевлар Россия ТИВ Дипломатик академиясида докторлик диссертациясини ҳимоя қилишган. Муҳаммад Тоқаев эса у ерда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Президентнинг синглиси ва собиқ рафиқаси Россия паспортига эга бўлган. Унинг ўғли Тимур эса дипломатик рақамларга эга Lexus 153 ва BMW 750Li X Drive автомашиналарида Москва бўйлаб саёҳат қилган.
Россияда Тоқаевлар оиласининг юзлаб миллион рубллик кўчмас мулки бор. Алексей Навалний жамоаси расмийлар Қозоғистон президентининг қариндошларининг кўчмас мулки ҳақидаги маълумотларини махфий рўйҳатга киритганлигини аниқлаган эди. Тоқаевларнинг квартиралари ҳақидаги ҳар қандай маълумотлар Росреестрдан олиб ташланган. Аммо архив кўчирмалари Тимур Тоқаевнинг Москвадаги Усачева кўчасидаги “Фьюжн Парк” турар-жой мажмуасидаги уйнинг 196,6 квадрат метрлик квартирасига эгалик қилганини кўрсатади. Бу ерда квадрат метрнинг нархи бир миллион рублдан ошади ва бутун квартира 229,6 миллион рублга баҳоланиши мумкин.
Қозоғистон президентининг собиқ рафиқаси Надежда Тоқаеванинг Москвадаги квартираси Кремлдан икки километр узоқликдаги “Последний” кўчасидаги уйда бўлган. Бинода атиги еттита хонадон бор. Тоқаеванинг тахминий қиймати 84,6 миллион рубль бўлган икки қаватли тўрт хонали (167,3 квадрат метр) квартираси бор. Шунингдек, Надежда Тоқаева “Большой Харитоневский” кўчасидаги 68,8 миллион рубллик уч хонали (120 квадрат метр) квартирада рўйхатга олинган. Ҳозир бу квартира кимга тегишли эканлигини аниқлаш қийин. Росреестр маълумотларига кўра, у энди мавжуд эмас.
Москва вилоятида Тоқаевнинг собиқ рафиқаси 2000 йилдан бери камида бешта йирик дала ҳовлига эга. 2000 йилдан 2014 йилгача у Истра туманидаги Крюково қишлоғида (193,4 квадрат метр), Сергиев Посад туманидаги Абрамцево қишлоғида (146,1 квадрат метр) ва Руз туманидаги Тучково қишлоғида (264,8 квадрат метр) аҳоли пунктларидаги қимматбаҳо уйларга эгалик қилган). Бу уйлар турли йилларда сотилган.

Росреестр бошқа кўчмас мулк ҳақидаги маълумотларни яширмоқда. Аммо, архив маълумотларига кўра, Москва вилоятида Тоқаевларнинг 2000 квадрат метрлик ер участкаларида камида иккита уйи бўлган: Истра туманидаги Алексеевка қишлоғида ва Пушкин туманидаги Ашукино қишлоғида.
Ватандаги даромад
Қозоғистонда Тоқаевнинг айрим қариндошлари муҳим давлат компанияларида юқори лавозимларга кўтарилган. Тоқаев 2019 йилда президент этиб тайинланганидан бир неча ой ўтиб, унинг жияни Бекет Избастин PSA масъулияти чекланган жамиятини бошқарган. Бу Қозоғистон ҳукуматининг учта йирик нефть ва газ конлари – Шимолий Каспий лойиҳаси, Дунга ва Карачаганак конларида ишлаб чиқаришни тақсимлаш бўйича ваколатли органи бўлган давлат компанияси. PSA компанияси орқали давлат ушбу конларга қабул қилинган хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотдан ўз улушини олади.
Президентнинг яна бир жияни, Бекет Избастиннинг укаси Каниш Избастин ҳам давлат компаниялари билан алоқадор. 2015 йилдан 2021 йилгача у қишлоқ хўжалиги техникаларини лизингга олиш ва агросаноат комплексини кредитлаш билан шуғулланувчи «КазАгроФинансе» компаниясини бошқарган. 2021 йил март ойида эса у уй-жой, инфратузилма ва саноат корхоналарини қуриш бўйича давлат дастурлари бўйича Қозоғистон ҳукуматининг бош оператори бўлган «Байтерек» миллий холдинги раисининг биринчи ўринбосарига айланди.
Тоқаевнинг қариндошларининг қозоқ бизнеси – табиий бойликларни қазиб олиш билан боғлиқ. Қозоғистон президентининг ўғли Тимур, амакиваччаси Муҳаммад Избастин билан 2000 йилларнинг бошидан бери Салиш нефть ва газ компаниясига (2019 йилгача у Аби Петролиум Кэпитал деб номланган) эгалик қилган. У 2020 йилда тугатилган ва ундан олдин у Атирау вилоятидаги Грядовое конида углеводородларни қидириш ва қазиб олиш билан шуғулланган (компаниянинг даромади 2012 йилдаги 600 миллион рублдан 2016 йилда 280,8 миллион рублгача камайган).
Бу ҳали бошланиши…
Тимур Тоқаев ва президентнинг синглиси Карлиға Избастин ҳам Қозоғистонда вольфрам ва молибден компаниясига эга эди. Ўзининг шўба корхоналари (Караоба-2005 ва Северный Катпар) орқали Қарағанда вилоятидаги иккита конда вольфрам қазиб олиш учун лицензия олган. Аммо Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг нашрларига кўра, ишлаб чиқариш ҳали бошланмаган ва компаниялар оғир молиявий аҳволда. Карлиға Избастин, шунингдек, машина ва ускуналар улгуржи ширкатига эгалик қилади, Тимур Тоқаев эса бир нечта эътиборга лойиқ бўлмаган қурилиш ва инжиниринг компанияларига эгалик қилиши маълум.
Хабар Россия Федерацияси ҳудудида ҳорижий агент деб қайд қилинган istories.media нашри томонидан эълон қилинган.