БМТ: 3 миллион украиналик мамлакатни тарк этган

БМТ Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, қўшни давлатлардаги Украинадан келган қочқинлар сони 3 миллионга етган. Улардан 157 минг нафари учинчи давлат фуқароларидир.

Полша ҳукумати Украинадан 1 миллион 830 минг кишини қабул қилганини эълон қилди.

ЮНИСEФнинг хабар беришича, Украинада уруш бошланганидан бери 1,4 миллиондан ортиқ бола мамлакатни тарк этган. Бу шуни англатадики, ҳар куни 70 мингга яқин бола уруш кунларида муҳожир ҳолатига тушиб қолган.

Украинадаги уруш туфайли юзага келган миграция инқирози тезлиги ва кўлами бўйича фақат Иккинчи жаҳон уруши даври билан солиштириш мумкин, дейилган ЮНИСEФ берган маълумотда.

“Ушбу фалокатдан чиқишнинг ягона йўли урушни зудлик билан тўхтатишдир”, — дейилади ташкилотнинг тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга чақирган баёнотида.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги уруш бошланишида Украинада зўравонликлар авж олган тақдирда 4 миллионгача одам мамлакатни тарк этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.