Буюк Британия Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига қизиқиш билдирмоқда

Аввал россияликлар ва украинлар билан ишлаган Британиялик фермерлар Непал ва Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб қилишга қизиқиш билдирилатётгани айтилмоқда.

Британия қишлоқ хўжалиги сектори Brexit, пандемия ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий можаро туфайли ишчилар етишмаслигига дуч келди. 2021 йилда берилган меҳнат визаларининг деярли ярми – 22,7 минг нафари ушбу икки давлат фуқароларига тўғри келган.

Уларнинг ўрнини тўлдириш учун Британия рекрутинг агентликлари Непал, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан номзодларни топишга интилмоқда. Қишлоқ хўжалигига жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг асосий қисмини ушбу давлатлар фуқаролари таъминлаши кутилмоқда. Иш берувчи компанияларнинг прогнозларига кўра, ҳар бир мамлакат бир неча минг ишчи билан таъминлайди.

Шу билан бирга, Буюк Британия хорижлик ишчилар ўз вақтида етиб кела олмаслиги ва бу вазият ушбу соҳага салбий таъсир қилишидан хавотирда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари хорижий ишчилар орасида тажриба етишмаслигига ҳам дуч келиши мумкин.

Ҳозирча Британиялик фермерлар у ерда ишлаётган камсонли ўзбекистонликларнинг ишидан мамнун. “Бизда анъанага кўра руминлар ва болгарлар ишлар эди, лекин яқиндан бери тўрт нафар ўзбекистонлик йигитлар билан ишлаяпмиз ва улар менда катта таассурот қолдирди”, – дейди Ноттингемширдаги Саксондейл қишлоғи фермери Джо Фишериз Қайд этилишича, Буюк Британия Aтроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ масалалари вазирлиги 30 мингга яқин мавсумий ишчи учун визалар муддатини 2024-йилгача узайтирган. Aгар керак бўлса, уларнинг сони 10 минг кишига оширилиши мумкин экан.