Нега Украина шиддатли ғалабага эриша олмайди?

Ғарб Украинага юз келган шароитда ўз ҳудудини самарали ҳимоя қилишга ва янада кўпроқ ҳудудлардан чекинишга йўл қўймаслик учун етарли миқдорда қурол аслаҳа етказиб бермоқда. Бу вазиятда уруш анча узоқ муддатли ва икки томоннинг силласи қуришига қаратилган бўлиш имкони катта.

Нега Ғарб Украинага ғалаба учун зарур бўлган қуролларни кенг кўламда етказиб бермаяпти?

Бунинг сабаблари бир нечта:

1. Тезда қўлга киритилган ғалаба Россия ҳарбийлари ва фуқароларининг кўпчилигида алам ҳиссиётини уйғотиб, энг кескин чораларни, жумладан, ядро қуролини ишлатишга легитим “асос” яратиб беради. Россия жамияти ўзининг ҳозирги ҳолида мағлубиятни мажбурий воқелик сифатида қабул қилиш даражасида эмас ва буни олдини олиш учун сиёсий раҳбариятдан барча кескин чораларни кўришни кескин талаб қилиш эҳтимоли юқори;

2. Ғарб Россия жамияти онгида тектоник ўзгаришлар бўлиши ва жамиятнинг ўзи бундай уруш юритиш мумкин эмаслигини ва ҳар қандай натижа билан бўлса ҳам, урушни тўхтатиш кераклигини талаб қилиб чиқишини кутмоқда. Бу ҳолда Россия жамиятининг ўзи тинчликни талаб қилади ва катта эҳтимол билан 1991 йил чегараларига қайтишга рози бўлади. Бу Ғарб учун энг орзу қилинган ва кутилган сценарий. Бунинг учун Ғарб урушни чўзишга ва кутишга рози;

3. Ғарб Путин атрофидаги сиёсий кучлар заифланиши ва уруш партиясининг позицияси Россия жамияти томонидан инкор этилиши, натижада Путин атрофида сиёсий ва шахсий вакуум пайдо бўлишини (Путинни ёлғизланиб қолишини) кутмоқда;

4. Ғарб Россиянинг иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий кучининг бутунлай ожизланишига эришиш мақсадида Украинадаги вазиятдан кенг фойдаланмоқда. Натижада НАТО Россия Ғарбнинг шарқий чегараларига умуман тажовуз қилмаслиги ва Россиянинг барча табиий ресурслари, жумладан, энергия ресурслари жаҳон бозорида арзон нархларда сотилишига эришиш ниятида;

5. Украина конфликти мисолида Ғарб қадриятлар борасида Россия жамияти билан ўтиб бўлмас жарликлар борлигини кўрсатмоқчи ва узоқ йилларга Россияни халқаро майдонда изоляция қилишга эришмоқчи. Бу вазиятда Россиянинг Украина инфраструктурасини вайрон қилаётгани ва ядро қуроли билан шантаж қилаётгани катта дастак бўлиб хизмат қилмоқда;

6. Ғарб Украинага кўп миқдорда анча эскирган конвенцион қуроллар бериб, Россия қуроллари сифати жуда пастлигини дунёга кўрсатмоқда ва Россияни дунё қурол сотиш бозоридан сиқиб чиқармоқда. Бир ҳисобдан эски сарқитдан қутулмоқда, иккинчи ҳисобдан НАТО мамлакатларини янги замонавий қуролланиш суръатларини тезлаштиряпти.

Хуллас, Мулладўст, биз билмаган гаплар кўп.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров