Ўзбекистон ва Тожикистон бюджет маблағлари бўйича баъзи маълумотлар

Тожикистоннинг 2021 йилги Давлат бюджетидаги умумий дефицитнинг максимал ҳажми республика ЯИМнинг 0,5% миқдорида белгиланди. Бу 463 миллион сомонийга тўғри келади (41 миллион доллардан ортиқ).

Ҳукумат келгуси йилда мамлакат бюджет камомадини қоплаш манбаларини қуйидагича аниқлади:

– ички ва ташқи кредитлар, шунингдек халқаро молия институтларининг грантлари – 253 миллион сомоний;

– хазина векселларини сотиш – 100 миллион сомоний;

Тожикистонда бюджет ишчилари тахминан 320 миллион доллар йўқотишди.

– давлат акцияларининг дивидендлари – 31 миллион сомоний;

– товарларни, ишларни ва хизматларни давлат харидлари учун ўтказиладиган тендерлардан тежаш – 30 миллион сомоний;

– республика мулкини хусусийлаштириш ва ижарага беришдан олинган даромад – 24 миллион сомоний;

– маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасини ортиқча бажариш – 15,1 миллион сомонидан ортиқ;

– республика бюджетининг бўш маблағлари – 10 миллион сомоний.

Келгуси йилда бюджетнинг даромад қисми 27,6 миллиард сомоний миқдорида белгиланди, бу жорий бюджетдан 1,6 миллиард сомонийга кўпдир.

Келгуси йил учун бюджет харажатлари 28,1 миллиард сомоний миқдорида таъминланган. Бу жорий йилги бюджетдан 1,7 миллиард сомонийга кўпдир.

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосаси тайёрланган эди.

Унга кўра, Ҳисоб палатаси республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг жами харажатлари прогнози 164 679,8 млрд сўмни ташкил этгани ҳолда, давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилганлигини аниқлаган.

Хулосада қайд этилишича, 2021 йил учун Давлат бюджети даромадлари жами 147 002 млрд сўмни (ЯИМга нисбатан 21,3%) миқдорида прогноз қилинмоқда.

2021 йил учун давлат бюджети даромадларини прогнози сезиларли таъсир кўрсатувчи нарх ва валюта курсларнинг ўртача миқдорлари асосида ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, прогнозларда валюта курси (1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси — 11 000 сўм), стратегик маҳсулотларнинг нархлари (1 унция олтин нархи — 1 750 АҚШ доллари, кумушнинг нархи — 15 АҚШ доллар, миснинг 1 тоннасига 6 000 АҚШ доллари, табиий газнинг нархи — 75 АҚШ доллар) ўзгариши инобатга олинган.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида ҳукумат 2021 йилда инфляцияни 9—10% атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатлари 10 трлн.сўмдан 13,4 трлн.сўмгача оширилди.

Жамғарманинг оширилган 3,4 трлн.сўмлик харажатларини 1,7 трлн. сўми Давлат бюджети харажатларининг мақбуллаштирилган маблағлари ҳисобидан, қолган 1,7 трлн.сўми халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан қопланади.