Россияда Гамалея институти томонидан яратилган “Спутник V” вакцинасини ялпи ишлаб чиқариш ноябрь ойидан бошланди. БАА, Ҳиндистон, Венесуэла ва Беларусда мазкур вакцинанинг клиник синови ўтказилиши маълум қилинди. “Спутник V” самарадорлиги 95 фоиздан ортиқ эканлиги айтилмоқда.
АҚШнинг “Pfizer” ва Германиянинг “BioNTech” ўз вакциналарини ЕИда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди. Агар дори маъқулланса, йил охиригача ундан Европада фойдаланиш бошланади.
“Moderna” эса Американинг “FDA” регуляторига ўз вакцинасидан фойдаланиш бўйича талабнома юборди. “FDA” бу борада “Pfizer” вакцинасини ҳам кўриб чиқяпти. Декабрь ўрталарига келиб вирусга қарши шу ва бошқа малҳамлар ҳам маъқулланиши мумкин.
Буюк Британия регулятори эса эса “Pfizer” ва “BioNTech” ҳамда “AstraZeneca”, шунингдек, Оксфорд университетида яратилган вакциналардан фойдаланишга рухсат бериши мумкинлиги ҳақида гапирилаётган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирча қиролликда “Pfizer/BioNTech” вакцинасини қўллашга рухсат берилган. У ушбу йўналишдаги биринчи Европа мамлакатига ҳам айланди. Оммавий вакциналаш эса 2021 йилнинг биринчи ярмига режалаштириляпти.
Хитойнинг “Sinopharm” давлат компанияси ўз вакцинасини сотувга чиқаришга рухсат беришлари учун ариза берди. ХХРнинг “SinoVac” компанияси эса коронавирусга қарши дори яратиш ишларини январь ойидаёқ бошлаб юборган эди. Унинг маҳсулоти йил охиригача бозорда пайдо бўлиши мумкин.
“Bharat Biotech” ва Ҳиндистондаги зардоб институти вакциналари мос равишда келгуси йилнинг февраль ҳамда январь ойларида пайдо бўлишини маълум қилган.