Хитойда интернетдан фойдаланувчилар сони 1 миллиард кишига яқинлашди

Интернет тармоғидан фойдаланадиган хитойликлар сони 2020 йил охирига келиб 989 миллионга етди, деб хабар бермоқда Синхуа ахборот агентлиги.

Хитой зонасидаги IP-манзиллар ва доменларни тарқатиш учун масъул бўлган марказ берган маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирус пандемияси даврида (2020 йил мартидан бошлаб) интернет қамрови 70,4 фоизгача ўсган.

Тармоқ ахборот маркази маълумотларига кўра, ўтган йилнинг охирига келиб, Хитойда март ойига нисбатан интернет фойдаланувчилари сони 85,4 миллионга кўпайган.

Хитойда 986 миллион киши ёки умумий фойдаланувчилар сонининг 99,7 фоизи интернетга мобил телефонлар орқали уланади. Қишлоқ жойларда интернет фойдаланувчилари сони март ойидан бери 54,7 миллионга ўсди ва тахминан 309 миллион кишини ташкил этди (Хитойдаги Интернет фойдаланувчилари умумий сонининг 31,3%).

Таъкидлаш лозим, Хитойда коронавирус тарқалишининг дастлабки ойларида баъзи вилоятларда Alibaba холдинги томонидан ишлаб чиқилган соғлиқни сақлаш кодлари тизими жорий қилинганди. Кейинчалик бу тизим бутун мамлакатга ишга туширилди. Тизим фойдаланувчиларнинг ҳаракатлари ва алоқаларини кузатиб боради ва яшил, сариқ ёки қизил рангдаги кодларини ишлаб чиқаради – уларга кўра, ҳокимият ва муассасалар эгалари одамга нисбатан чекловларни қўллаш керакми ёки йўқлигини аниқлайдилар. Хитой Тармоқ Ахборот Марказининг ҳисоботига кўра, мазкур соғлиқни сақлаш кодларини 900 миллионга яқин одам олган.