Янги алифбо бўйича таклифлар…

Ц ҳарфини қабул қилиш ва уни сиёсишлаштирмаслик керак

Таклиф қилинаётган янги алифбо шахсан менга ёққани ҳақида ёздим. Энди бунга қўшимча баъзи фикр ва таклифларимни бериб ўтишни ҳам лозим топдим. Аввал бошидан айтиб ўтишим лозимки, бу фикрларимнинг барчаси ИМҲО.

Аввало, “нг” ҳарф бирикмасини алифбодан чиқариб ташлаш керак. Биз бу билан бурун товуши “нг”дан воз кечмаймиз, балки шаклдан воз кечамиз. Бунинг замирида эса қўшҳарфлардан умуман воз кечиш принципи ётибди.

«Бунда “нг” ўзбекча сўзларнинг ё асосида, ё қўшимчасида учраса, битта товуш саналади. Масалан, сингил сўзи ва исмингиз сўзидаги -ингиз эгалик қўшимчаси. Ўрни келганда эса иккита — н+г ҳарфлари сифатида қабул қилинади. Масалан, унга (фонетик ҳодиса сабаб товуш ортган), ёнгач, кўнгин каби сўзларда» деган қоида кифоя. Қолаверса, ўзлашма сўзларда ҳам н+г икки товуш сифатида қаралади. Масалан, рейтинг, кенгуру, ангина, манго, лангар кабилар.

Бундан ташқари, инглиз тилида ҳам бир ҳарфнинг ўрнига қараб, бир неча товуш ифодаланади. «нг»ни алифбодан чиқариш — шаклни чиқариш, холос.

“Ц”ни сақлаб қолиш ва унга лотин графикасида “С” ҳарфини бериш керак ва бу жараённи сиёсийлаштирмаслик керак.

Баъзилар “ц”ни сақлаб қолиш жараёнини ўриспарастлик, Россия таъсири, деган сиёсий мотивларга боғлаши мумкин. Аммо бизнинг айнан миллий талаффуз ва принципларимиз йўқ. Барибир “ц” ҳарфини алифбога киритмаганимиз билан унинг вазифасини “s”га ёки “ts”га юклаб қўйганмиз. Бу билан алифбомиз миллийлашиб қолганми? Йўқ, албатта!

Ҳозирги алифбода “ц”га алоҳида ҳарф берилмаган. Биз “ц”ни ўрнига қараб «ts» ёки «s» билан ифодалаймиз. Аммо доим ҳам бу иккисидан фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатлар мавжуд… Тўғри, «ц» туркий тиллар учун ёт товуш. Аммо тил тараққиёти натижасида бу товуш иштирокидаги сўзлар, терминлар тилимизга жуда кўп кириб келган.

Шундай экан, “ц”ни ҳозирги алифбога “с” шаклида қабул қилишни сиёсийлаштирмасдан, ўриспарастликка ёймасдан, обдон ўйлаб кўриш керак ва уни қабул қилиш керак. Бу билан биз ортга қайтган эмас, ислоҳ қилган бўламиз.

Биз алифбони ислоҳ қилмоқчимиз. Ислоҳ қилиш дегани 4 та ҳарфни шаклан ўзгартириб қўйиш, дегани эмас. Бунда аниқ принципларимиз ва қоидаларимизни шакллантириш керак, назаримда.