Путин хоҳишлари олдида пандемия ҳам чекинади

Бугун Москва шаҳридаги тўлиб тошган “Лужники” стадионида Қримнинг Россияга қўшиб олинишининг 7 йиллиги нишонланди.

Байрамнинг асосий воқеаси сифатида Россия президентининг нутқини қайд этиш лозим. “Сизларни байрам, Қрим ва Севастопольнинг Россия билан бирлашув куни билан табриклайман. Бу Қримликлар ва Севастополликлар байрами. Биз буни тушундик ва 7 йил аввалги референдумга тайёргарлик, асосийси унинг натижалари вақтида ўз кўзимиз билан кўрдик. Мазкур референдум оқибатида улар ўз ватанига қайтдилар” – деди Путин.

Ҳеч қандай чекловлар ва ниқоблар йўқ. Пандемия ҳали ҳамон мағлуб этилмаган. Лекин, Путиннинг хоҳиш истаги олдида бу нима бўпти?

Энди бироз тарихга мурожаат қилсак, Путин айтган референдум натижалари ва сиёсий ҳаракатларини дунё ҳамжамияти қандай қабул қилди?

Биз ким томонида эдик?

2014 йил 18 март куни Қрим ва Севастополь иккита алоҳида субъект сифатида Россия таркибига киритилди.

27 март куни БМТ Бош ассамблеяси резолюция қабул қилди, унга кўра ташкилот Украинанинг яхлитлигини тасдиқлайди ва Қрим ярим ороли мақомининг ўзгаришини тан олмайди.

100 та давлат ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 58 мамлакат вакиллари бетараф қолди, 11 таси қарши овоз берди, 24 та мамлакат овоз беришда қатнашмади.

Суратда собиқ иттифоқ мамлакатларининг мазкур овоз беришда қайси тарафда бўлганликлари кўрсатилган.