Марказий Осиё мамлакатларининг шиддатли тарзда ўсаётган ташқи қарзлари

Қирғизистоннинг давлат қарзи, шу жумладан ташқи қарзи рекордни янгилади. Январь ойи охирига келиб, қарз 4 миллиард 954,1 миллион долларни ташкил этди, олдинги рекорд – 4 миллиард 925,8 миллион доллар 2020 йил охирида қайд этилганди.

Мамлакат ташқи қарз 2021 йил январида 4 миллиард 221,6 миллион долларни ташкил этди. Oлдинги рекорд 2020 йил ноябрь ойи қайд этилган бўлиб, ҳозирги қарздорликдан 3 миллионга кам эди.

Республика бу йил давлат қарзини тўлаш учун 37 миллиард 266 миллион қирғиз соми (қарийб 440 млн доллар) ажратишни режалаштирган. Бу рекорд ҳисобланади.

Ўзбекистон: 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи (давлат қарзи) 23,3 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этмоқда.

Бу янги давр бошланган 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп демакдир.

Жами давлат ташқи қарзининг 53 фоиздан ортиғи нефть ва газ (2,6 млрд.доллар), электр энергетикаси (2,9 млрд.доллар), транспорт (2,4 млрд.доллар), коммунал соҳа (2,3 млрд.доллар) ва қишлоқ хўжалигига (2,2 млрд.доллар) жалб қилинган.

Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш миқдори ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Хусусан, ўтган 2020 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 1,8 млрд.доллардан ошган.

Маълумот учун, 2021 йилда 5,5 млрд.долларгача давлат қарзи жалб этиш режалаштирилган.

Тожикистон ҳукумати 2021 йилда ташқи қарзни оширишга ва мамлакат ташқи кредиторларидан қарз сўрашга қарор қилди. Бу ташқи қарз даражаси ҳозирда (2021йил 17 февралдаги маълумотига кўра) 3,1 миллиард долларга (ЯИМнинг 36,9%) етган, бу дегани аҳоли жон бошига қарздорлик 294 долларга тенг. Энг ёмони, Тожикистоннинг асосий кредитори Хитойдир.

Афғонистон ҳукумати аҳолисининг қарздорлиги эса 138 долларга тенг келади. (ЯИМ эса $556)

Туркманистон қарзлари бўйича эса аввалги материалларимизда батафсил тўхталиб ўтганмиз.