Гап шундаки, ақинда Эрон шимоли-шарқида икки ёш туркман қизининг зўрланганига нисбатан режимнинг чора кўрмаётганига қарши ўтказилган норозилик намойишлари ҳақида ғарб матбуоти “Эрон жамиятидаги нотинчлик ва режимнинг этник озчиликларга нисбатан узоқ йиллардан бери давом этаётган камситувчи ва тажовузкор сиёсатини фош этди”, – дея мақола эълон қилинди ва бу яшин тезлигида барча тилларда интернет нашрлари орқали тарқатилмоқда.
Маҳаллий «Фарс» ва «Машриқ» нашрларига кўра, айбланувчи Гулистон сув тўғони қўриқчиси ва «Босиж»нинг махфий жангариси бўлган 55 ёшли Эрон фуқаросидир.
7 ва 8 ёшдаги қизларнинг оилалари болаларни шу эркак зўрлаган, деб айтмоқда.
Гулистон вилояти Гонбади-Ковус шаҳри бош прокурори Хусрав Халилийнинг айтишича, Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари эркакни ҳибсга олган ва уни фақат одам ўғирлашда айбламоқда, чунки суд-тиббий экспертизаси зўрлаш ҳолатини истисно қилган.
Дарғазаб ота-оналар ва Гонбади Ковусда яшовчи юзлаб бошқа одамлар 23 март куни суднинг «адолатсиз» қарорига норозилик билдириш учун кўчаларга чиқишган.
Куч тузилмалари аксарияти этник сунний туркманлардан иборат намойишчиларга улар талаб қилаётган адолат кафолатларини бериш ўрнига, намойишни бостирганлар.
Намойишлар 24 март куни маҳаллий суд биноси олдида давом этган, аммо Гулистон вилояти маркази Журжондан қўшимча полиция ва хавфсизлик кучлари сафарбар қилиниб, зўравонлик билан бостирилган, деб хабар берди интернет нашрлари.
Эрон ҳукумати намойишчиларга нисбатан қатъий чоралар қўллаган.
Ҳукумат «осойишталикни сақлаш ва ғаразли кимсаларга қарши курашишдан бир сонияга ҳам тўхтамайди», деб айтган Гулистон вилояти Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Али Малик-Шахкуҳий «Iran International» ва бошқа нашрларга кўра.
Туркманлар Эрон аҳолисининг бир фоизини ташкил қилади, аммо улар этник форсларга тегишли ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдалана олмайдилар.
Эрондаги миллий озчиликларнинг вазияти жуда оғир, дейди хорижий кузатувчилар.
«Ҳукумат вақтинча ва узоқ муддатли ҳибслар, дом-дараксиз олиб кетиш ва жисмоний куч қўллаш ҳолатлари билан озчилик гуруҳлари, жумладан курдлар, ахвазийлар, озарбайжонлар, балужларни нишонга олиб келган», дейилади 30 март куни чоп этилган АҚШ давлат департаментининг Эрондаги инсон ҳуқуқларига оид 2020 йилги ҳисоботида.
Ҳисоботга кўра, «бу этник озчиликлар вакиллари айниқса иқтисодий ёрдам, тадбиркорликка лицензия олиш, университетга ўқишга кириш, ишлаш имкониятлари, китоблар чоп этишга рухсат олиш ва ерга эгалик қилишда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий дискриминация ҳолатларига дуч келганлар».
Режим «диний озчиликлар, шу жумладан сунний мусулмонларни камситиб келади», дейилади 2020 йилги Human Rights Watch ҳисоботида.
«Давлат мактабларида болаларнинг форс тилидан бошқа тилни ўрганиши ва гапириши қатъиян тақиқланади», дейилган 2019 йил Вашингтондаги Яқин Шарқ институти чоп этган тадқиқотда.
Ўтган йил сентябрда 22 йилдан бери туркман тилида чоп этиб келинган «Саҳро» газетасининг лицензияси Эрон ҳукумати тарафидан бекор қилинган ва ёпилган эди.