АҚШ Хитой билан савдо кураши учун 250 миллиард доллар ажратмоқда

АҚШ Сенати Хитой билан техник рақобатбардош бўлиш учун қарийб 250 миллиард долларлик қонун лойиҳасини маъқуллади. Associated Press хабар бермоқда.

Унга кўра, Вашингтон технологиялар ва тадқиқотлари учун 190 миллиард доллар сарфлайди ва шундан тахминан 52 миллиард доллар чиплар ва телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқаришга йўналтирилади. “Сенат томонидан 68 та овоз ва қонун лойиҳасига қарши 32 та овоз билан қабул қилиниши Хитойга қарши иқтисодий қарама-қаршилик Конгрессдаги ҳар икки партияни бирлаштирган масала эканлигини намойиш этади”, – дейилади агентлик хабарида.

Сенат демократлари етакчиси Чак Шумернинг сўзларига кўра, ким бўлажак технологиялар учун курашда ғолиб бўлса, у жаҳон иқтисодий етакчилигига эришади. “Бу оддий тушунча: агар биз америкалик ишчилар ва компаниялар дунёда етакчилик қилишни давом эттиришини истасак, ҳукумат Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин катта эътибор қаратган йўналишлар илм-фан, фундаментал тадқиқотлар ва инновацияларга маблағ киритиши керак”, деди у.

Энди қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси томонидан маъқулланиши керак, шундан сўнг у президент Жо Байденга имзолаш учун тақдим этилади.

Байден аллақачон технологияларни ривожлантириш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлашини эълон қилди: “Бошқа мамлакатлар ўз тадқиқотлари ва ишланмаларига маблағ киритишда давом этаётган пайтда, биз орқада қолишимиз мумкин эмас. Америка ер юзидаги энг инновацион ва самарали мамлакат бўлиб қолиши керак.”

Аввалроқ АҚШ маъмурияти Қўшма Штатлар Хитойнинг савдо амалиётларига қарши туриш учун янги “зарба берувчи куч” йиғаётганини айтган эди.