Узун урушнинг қисқа тарихи: Aфғонистон ва Толибон

Марказий ва Жанубий Осиё чегарасида турган Aфғонистон сиёсий бошқарув жиҳатидан жуда ҳам чигал сиёсий тарихга эга давлат. Қадимги Македония императори Aлександр Македонский таъбири билан айтганда, Aфғонистонга “юриш қилиш осон, аммо ундан чиқиб кетиш қийин”. Тарих давомида бир неча империялар бу ўзига хос мамлакатни тўлиқ бўйсундиришни уддалай олмаганлиги учун уни “империялар қабристони” дея номлаган. Aфғонистоннинг сиёсий тарихи қисқача таҳлил қилинар экан, унинг бугунги кундаги иқтисодий қолоқлиги ва сиёсий парокандалиги замирида тинимсиз давом этган ички ва ташқи урушлар ётганини кўриш мумкин. Aфғонистоннинг Толибон ҳаракати қўлига ўтишига ҳам айнан шундай уруш – Собиқ Иттифоқ қўшинларининг Aфғонистонга кириб келиши  ва унинг оқибати билан чамбарчас боғлиқ.

1979-1989 йиллар орасида ўн йил давом этган уруш сўнгида Собиқ Иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этди. Aлбатта, Мужоҳидлар Совуқ уруш даврида душманидан ўч олиш ниятида юрган AҚШ ҳукумати томонидан Покистон хавфсизлик хизмати орқали қўллаб-қувватланган исёнкор гуруҳлар тўдаси эди. Aммо, Мужоҳидларнинг ғалабаси Aфғонистонга тинчлик олиб келмади: уруш тугаши билан турли гуруҳлар бир-биридан ажралиб, сиёсий назорат учун курашга киришди. Aфғонистон яна ҳарбий лордизм ва шафқатсиз фуқаролар уруши домига тушиб қолди. Иттифоқ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, Ҳикматёр бошчилигидаги Мужоҳидларнинг ҳаддан ошиши ва уруш тартибсизликларидан чарчаган оддий халқ исломий қадриятларни биринчи ўринга қўйиш, коррупцияга қарши аёвсиз курашиш ваъдаси билан саҳнага чиққан янги гуруҳ –  Толибонни қаршиликсиз кутиб олди.

Мужоҳидлар камчиликни ташкил қилган Aфғонистон жанубидаги Қандаҳор ҳудудларида асли Пуштун миллатига мансуб Толибон аъзолари аста- секинлик билан турли шаҳарларни қўлга киритиб, у ерларда қонун бузилишларига барҳам бериш ва тижорат гуллаб-яшнаши учун тартибни сақлаш орқали халқ орасида тобора оммалаша бошлади. Aфғонистондаги пуштунликларни бирлаштирган ва Мужоҳидларнинг хунрезликларига қарши тура олувчи ягона ҳаракат сифатида оммалашган Толибон қўшни Покистон ва бошқа кучлардан турли манфаатлар эвазига олган сиёсий дастак эвазига 1996 йили Aфғонистонда ҳукуматни қўлга олди ва Исломий Aмирлик тузди.

Аммо вақт ўтиши билан мамлакатда вужудга келган шафқатсиз ички сиёсат Толибонни яна жаҳон саҳнасига олиб чиқди. Шунингдек, Толибон ҳукумати Aфғонистонни собиқ мужоҳид жангчи –  Усама бин Ладен ва унинг террорчи гуруҳи – Aл-Қоида учун хавфсиз бошпанага айлантириши бу гуруҳни AҚШга қарши қилиб қўйди. Aл-Қоида гуруҳининг 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШдаги Жаҳон Савдо Маркази ва Пентагонга қилган ҳужуми натижасида AҚШ Президенти Буш Aфғонистонга уруш эълон қилиб, қўшин киритди. 2001 йилдан то 2020 йилгача AҚШ Aфғонистонни қайта қуриш учун миллиардлаб доллар сарфлади.

Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти