Қозоғистонда русийзабон фуқароларга нисбатан миллатчилик кўринишлари кўпинча ташқи кучлар таъсирида қўзғатилади, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
“Российская газета” Лавровнинг “Россия ва Қозоғистон: чегарасиз ҳамкорлик” мақоласини чоп этди. Унда вазир “сўнгги пайтларда Қозоғистоннинг русийзабон фуқароларига нисбатан ксенофобиянинг бир қатор ўткир кўринишларига гувоҳ бўлдик”, деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “кўп жиҳатдан алоҳида ҳолатлар кичик шаҳарчаларда кўринади, миллатчиликни тарбиялаш ва Россия билан ҳамкорликни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар ташқаридан махсус ахборот усулларидан фойдаланиш маҳсули ҳисобланади”.
Бироқ Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар даражаси “ҳар бир хавотирли ҳолат бўйича зудлик билан биргаликда чоралар кўриш имконини беради”, деди у. Лавровнинг таъкидлашича, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам рус тилининг бирлаштирувчи миссияси нақадар муҳим эканини тушунади. Унинг эслатишича, Қозоғистон конституциясига кўра, “рус тилига давлат мақоми берилган ва қозоқ тили билан тенг равишда қўлланилади”. Бу “ўз ҳаёти ва ишини Россия ва бутун МДҲ макони билан боғлайдиган қозоғистонлик ёшларга фойда келтиради”, деб ёзади «ТАСС».
Икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатлари, вазирнинг фикрича, “стратегик шериклик ва иттифоқчилик, интеграция жараёнларини ривожлантириш”га мос келади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар “нафақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига тўлиқ таянади, балки ҳукмрон геосиёсий воқеликни ҳам ҳисобга олади”.