Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда Афғонистонда қарийб 39 миллион киши истиқомат қилади, улардан 24 миллиони бу қишда очарчилик хавфи остида.
Толибон Афғонистонда наркотикларга қарши курашади, деган кафолатларига қарамай, мамлакат энг йирик афюн ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда.
Афғон фермерлари сабзавот ва мевалар ўрнига гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш учун хомашё бўлмиш кўкнори етиштиришга қайтишди.
Bloomberg Quicktake нашрига афғон фермерларидан бири айтганидек, ҳозир сабзавот етиштириш фойдасиз, чунки чегаралар ёпиқ ва маҳсулотни ташқи бозорга экспорт қилишнинг имкони йўқ.

“Маҳаллий бозорда бир килограмм картошка атиги 50 афғонига (0,55 доллар) сотилмоқда. Бу пулга 10 минг рупий (110 доллар) турадиган ўғитларни сотиб ололмаймиз. Кўкнори учун эса харидорлар ўзлари олдимга келишади, бозорга боришим шарт эмас”, — деди фермер.
Толибоннинг жамоатчиликка ахборот етказишга масъул вакили Забиулла Мужоҳиднинг таъкидлашича, янги ҳукумат наркотик ишлаб чиқарувчиларга қарши курашмоқда, бироқ Афғонистон халқаро ҳамжамият ёрдамига муҳтож. Унинг фикрича, фермерларга пул топиш учун муқобил имконият бериш керак.
Айни пайтда Афғонистонда кўкнори етиштириш ва кам сонли даромад манбаларидан бири бўлган афюн етиштириш давом этса, унга халқаро ёрдам тўхташи мумкин.
БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда 120 минг киши афюн ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Афғонистон ва қўшни давлатлар учун яна бир катта муаммо қочқинлардир.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистонда қолаётган 3,5 миллионга яқин одам ўз уй-жойини ташлаб кетган. Юз минглаб одамлар қўшни давлатларга қочишга ҳаракат қилмоқда.
Покистон 3 миллионга яқин, Эрон 3,5 миллионга яқин, Тожикистон 100 мингга яқин афғон қочқинларини қабул қилди, Туркманистон ва Ўзбекистон эвакуация парвозлари учун фақат ҳаво ҳудудини беришга келишиб олди.
Ўз навбатида, оғир иқтисодий вазиятда қолган Толибон ҳукумати ТАПИ газ қувури қурилишини тезлаштиришга фаол ҳаракат қилмоқда, бунинг натижасида Афғонистон ўз ҳудуди орқали газ транзитидан фойда олиш имкониятига эга бўлади.
Natural Gas World таъкидлаганидек, 2021 йил октябрь ойида Толибон билан сўнгги учрашувда Туркманистон ташқи ишлар вазири Р.Мередов Афғонистон томони ТАПИда йилига 500 миллион доллар даромад олиши мумкинлигини айтган. 2017 йилда Мередов Афғонистонга икки баравар кўп – ҳар йили 1 миллиард доллар ваъда қилган эди.
Бироқ, АҚШнинг Туркманистондаги собиқ элчиси Стив Манн ТАПИ лойиҳаси амалга ошишига шубҳа қилмоқда.
“Толибоннинг келиши Афғонистон ичида хавфсизликни таъминлашга ёрдам берган тақдирда ҳам, улар лойиҳанинг жиддий муаммоларини, жумладан, молиялаштириш, банклар учун мақбуллик, қувурга эгалик қилиш ва уни ишлатиш билан боғлиқ қийинчиликларни ҳал қила олмайди”, деди Манн.
Маълумотларга кўра, Покистон харид нархларини қайта кўриб чиқишни бир неча бор талаб қилган. 2020 йилда Туркманистон имтиёзлар бериб, газ нархини пасайтиришга келишиб олди.
Яна бир муаммо шундаки, Покистон билан ёмон муносабатлар туфайли Ҳиндистон лойиҳадан бутунлай чиқиб кетиши мумкин.