Афғонистондаги очлик террористик гуруҳларга қўл келмоқда

Афғонистон фуқаролари қашшоқлик ва очлик туфайли ИШИД сафига қўшилмоқда, дея хабар бермоқда Туркия ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб.

Аниқланишича, ИШИД ушбу гуруҳга қўшилганларга ойига 270 доллардан 450 долларгача маош таклиф қилмоқда.

Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)нинг Хуросон бўлими қашшоқлик ва иқтисодий инқироздан фойдаланиб, афғон ёшларини ўз сафига жалб қилмоқда, дейилади агентлик хабарида.

Шарқий Кунар вилоятидан келаётган хабарларга кўра, ИШИД йирик ва мунтазам нақд пул бериш орқали ишсизларни гуруҳга қўшилишга ундамоқда.

Афғонистонлик таҳлилчилар фикрича, минглаб одамлар ишсиз қолган, ҳатто нон ҳам сотиб ололмайдиган мамлакатдаги вазият ИШИД ва бошқа террористик гуруҳларга ўз сафларини тўплаш ва мамлакат ва минтақадаги мавқеини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратмоқда.