Ўзбекистон Марказий банки февраль ойида 22 тонна олтин сотди. Бунинг натижасида мамлакат олтин захиралари 2020 йил охиридан бошлаб минимал даражага тушди, деб хабар бермоқда spot.uz.
Жаҳон олтин кенгашининг ойлик ҳисоботида Ўзбекистон февраль ойида олтин сотиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллагани қайд этилган.
Умуман олганда, жаҳон марказий банкларининг олтин захиралари бир ой давомида 6 тоннага камайди. Бироқ, уларнинг умумий ҳажми сўнгги 31 йил ичида энг юқори даражада қолмоқда.
Ўзбекистон захирасида қолаётган 339 тонна олтин мамлакат валюта захирасининг 59 фоизини ташкил қилади, дейди таҳлилчилар.
Олтин сотиш бўйича иккинчи ўриндаги Қатар Марказий банки 6 тонна олтин сотган. Қозоғистон Миллий банки 5 тонна қимматбаҳо метал сотган бўлиб , Мўғулистон ва Германия ҳар бири ўз захираларини бир тоннага камайтирган.
Бир қатор давлатлар ўз захираларидаги олтин миқдорини оширдилар. Туркия бир ойда 25 тонна, Ҳиндистон 2,6 тонна, Ирландия 1 тонна қимматбаҳо метал сотиб олди.
Баъзи кузатувчилар захираларни сақлаб қолиш учун долларга муқобил излаётган мамлакатлар учун олтин жозибадорлигини қайд этишади. Бироқ, иқтисодчиларнинг фикрига кўра, Америка валютаси яқин ўн йилликларда захира мақомини йўқотиш хавфи йўқ.
Олтин ва Ўзбекистон
2020 йилда мамлакатдан 5,8 миллиард долларлик ёки жами экспортнинг 40 фоизи бўлган қимматбаҳо металлар экспорт қилинди. Ўзбекистон бир мунча вақт жаҳонда асосий олтин етказиб берувчига айланди.
Бироқ, 2021 йилда олтин савдоси 4,1 миллиард долларга тушиб кетди, у асосий экспорт маҳсулоти мақомини йўқотди. Ўтган йили Марказий банк металлни фақат энг юқори нархларда – май ва июнь ойининг бошларида, шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида сотган.
2022 йил бошидан буён қимматбаҳо металлар савдоси яна фаоллашди. Январь-февраль ойларида Ўзбекистон экспортининг ярмидан кўпи олтин ҳиссасига тўғри келди.