Эрдўғон бўлажак рақибини озодликдан маҳрум қилдими?

Туркия суди амалдаги президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг бўлажак президентлик сайловларида хавфли рақибига айланиши мумкин бўлган Истанбул ҳокими Икром Имомўғлини ҳукумат амалдорини ҳақорат қилганликда айблаб, икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд Имомўғлу ўз чиқишларидан бирида 2019 йил март ойида бўлиб ўтган Истанбул ҳокимлигига сайлов натижаларини бекор қилган амалдорларни “аҳмоқ” деб атаганини жиноят деб ҳисоблади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ўтказилган сайловларда Имомўғли президент партияси ҳисобланган Адолат ва тараққиёт партиясидан номзодни мағлуб этган. Биринчи сайловда Имомўғли минимал устунлик билан ғалаба қозонган бўлса, иккинчисида 9 фоиздан ортиқ фарқ билан устун келган. Биринчи сайловда мағлуб бўлган ҳукмрон партия овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш вақтида йўл қўйилганини важ қилиб, қонунбузарликлар юзасидан бир неча марта ариза берганидан сўнг биринчи натижа бекор қилинган. Натижада, сайлов комиссияси такрорий сайлов ўтказишга буйруқ берган. Такрорий сайловларда эса Имомўғли рақиби устидан катта фарқ билан ғалаба қозониб Туркиянинг энг йирик шаҳрида Адолат ва Тараққиёт партиясининг 25 йиллик ҳукмронлигига барҳам берган. Истамбул ҳокими лавозими жуда қудратли бўлиб ўз вақтида Эрдўғон ҳам катта сиёсатга шу лавозим орқали кириб келган.

Сиёсатчига қарши очилган иш ҳокимнинг 2019 йилдаги сайловдаги биринчи ғалабасидан кейин айтган сўзларига асосланади. Имомўғли ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг унга ўхшаш сўз билан мурожатига жавобан расмийларни “аҳмоқ” деб атаганини айтиб ўзини ҳимоя қилди.

Агар апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирса, бу Имомўғлининг сиёсий фаолияти, жумладан, 2023 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиши имкониятини кескин камайтиради.

Суд ҳукмидан сўнг тарқатган видео мурожаатида Имомўғли суд қарорини кескин танқид қилиб, “бир ҳовуч одамларнинг халқ берган ҳокимиятни ўз зиммасига олишга ҳаққи йўқлигини” таъкидлади.

Имомўғли ҳукм устидан шикоят қилиши ва у муҳокамаларга қадар қадар ўз лавозимида қолиши кутилмоқда, бироқ у президентликка номзодлик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Бу эса келгуси президентлик сайловларида мухолифат номзодини танлашни қийинлаштиради, чунки сўровларга кўра, Истанбул ҳокими 2014 йилдан бери ўз лавозимини эгаллаб келаётган Туркиянинг амалдаги президентини мағлуб эта оладиган кам сонли мухолифат етакчиларидан бири ҳисобланади.