Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов:
1999 йилга келиб, дунё бозорида нефть ва газнинг ошиши сабаб, Россия жуда катта даромад ола бошлади. 2005-06 йилларга келиб, Россиялик экспертлар ўзларининг давлатларини «Энергетик супер-қудрат» (энергетическая сверхдержава), ёки «Энергетик империя» деб атай бошлашди. Бунга сабаб, 2005 йилнинг декабрида в.Путин “Россия – дунё энергетикасининг лидери» деб атагани бўлади.
Украина уруши натижасида, Москванинг кейинги йигирма йилликда шакллантирган «Евроосиё энергетикасини назорат қилиш» концепцияси, ишдан чиқди. Европа Россиянинг энергетик назоратидан чиқиб бўлди. Уруш бошланганда, Европа танлов олдида қолган эди: ёки иқтисодни ўйлаб, Россиянинг тажовузини ютиш, ёки келажак манфаатлари ва қадриятларни ўйлаб – Россия шантажига имкон бермаслик. Қанчалик оғир бўлмасин, Европа иккинчи йўлни танлади.
Бугун, Россиянинг «Энергетик империя» концепцияси айнан Марказий Осиёни, ва энг аввало, Ўзбекистонни қуршовга олишни мақсад қилиб қўйди. Бошқа ҳудудлар Россиянинг таъсиридан чиқиб бўлди. Бу сўниб бораётган империянинг баҳайбат жасадининг оғирлиги, минтақамизга, жумладан Ўзбекистонга тушмоқда. Ўзбекистон ўзининг энергетик ташаббусини Россияга ўша 2005 йилда олдирган эди.
Каримов бир томондан Россиядан қўрқар, ундан масофа сақлар эди. Лекин, айнан ички сиёсат – давлат ва халқ ўртасидаги концептуал тирашув натижасида, биринчи маъмурият, Андижон-2005 йилдан кейин Россия паноҳида жон сақлашга мажбур бўлди. Россия эса, бу паноҳи учун, бутун бир миллатнинг стратегик ресурсларини қўлга киритиб олди. Бугунги Ўзбекистоннинг энергетик инқирози ва Россия қуршовинининг кучайиб бориши, айнан ўша 2005 йилдаги келишувларнинг натижаси ҳисобланади.
Миллатнинг малакаси ва сиёсий тафаккури шундай бўлиши керакки, ўзининг сиёсий эркини кучайтираман деб, геосиёсий қопқонга тушиб қолмаслиги керак. Бугунги қийинчиликлардан қутиламан деб, уни кечиктирмаслиги, келажак авлодларга каттароқ муаммолар қолдирмаслиги керак. Муаммоларни ечиш учун, давлат ва халқ жипслиги – Миллат ҳамжиҳатлиги юқори бўлиши керак. Ички сиёсатда қанча баҳс-мунозара, турфа фикрлар бўлмасин, Миллий манфаатлар борасида, ташқи тажовузлар борасида, давлат ва жамият бир-бирини тушуниши ва қўллаб-қувватлаши керак.
Ўзбекистон ўзининг энергетик муаммоларини ечиш учун, қолган ресурсларни ҳам Россияга қўш-қўллаб топшириши эмас, аксинча, Президент Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа мурожаатида айтганидек, олдинги келишувларни ҳам қайта кўриб чиқиш зарур бўлади. Айнан мана шу йўл – миллий манфаатлар, миллий ғурур ва миллий бирлик йўлидир.