2023 йил учун фуқаролар учун бюджетда бир нечта рақамлар эътиборимни тортди. Хусусан, 2023 йилда ҚҚС бўйича тушумлар ўтган йилга нисбатан 24,2% га ўсиши прогноз қилинган. Хабарингиз бор, жорий йилдан ҚҚС ставкаси 15% дан 12% га туширилган эди. Хўш, солиқ ставкаси пасайтирилган ҳамда қандайдир жиддий имтиёзларнинг бекор қилиниши кутилмаётган шароитда қанақасига ҚҚС бўйича тушумларни 24% га ошириш мумкин?
Агар импортнинг ўсиши ҳамда ЯИМнинг номинал ўсишидан фойдаланиб жорий йилда кутилаётган қиймати бўйича ҚҚСни ҳисобласак, ҚҚС бўйича тушумлар тахминан ўтган йилги даражада шаклананишини кўрамиз (бироз ошиши мумкин). Хусусан, 2022 йилда 258 трлн сўмлик импорт товарларидан ҚҚС тўланган бўлса 218 трлн сўмлик маҳаллий товарлардан ҚҚС ундирилган (қайтариш ҳисобга олинмаганда, ҚҚСни қоплаб бериш билан юқоридаги рақамлар(биргаликда) тахминан 90 трлнга камайди). Агар, импортнинг ўсиши бўйича ҳозирги прогнозлар 15% эканлигини ҳисобга олсак, унда жорий йилда импорт товарларини ҚҚС га тортишдан, прогноз қилингани каби 43,6 трлн эмас балки 35,6 трлн сўм маблағ бюджетга тушади. Маҳаллий маҳсулотларни ҚҚСга тортишдан эса режа қилингани каби 35,6 трлн эмас балки 30,3 трлн атрофидаги маблағ бюджетга келиб тушади(қайтариш ҳисобга олинмаган). Таъкидлаш керакки, юқоридаги ҳисоб китоблар билан маҳаллий товарларни ҚҚСга тортишда келадиган тушум 2022 йилга нисбатан ўсмайди балки тахминан 2,5 трлн сўмга камаяди. Агар жорий йилда ҚҚСни қайтариш камайиши прогноз қилинаётганлиги ҳисобга олган тақдиримизда ҳам ҚҚСдан тушумлар 24% га ўсиб қолмайди.
Жорий йилда ҚҚСдан тушумларни 24% га ошириш мумкинми?
Албатта мумкин. Бундай натижага эришиш йирик солиқ имтиёзларини бекор қилиш билан амалга оширилиши мумкин. Бошқачасига, ҚҚС тушумларини 24% га ошириш жудаям қийин(балки иложсиз ҳам). Айтганча солиқ юкининг пасайиши натижасида шу вақтгача солиқ тўламаган(ёки қисман тўламаган)лар энди солиқ тўлашни бошлаши ҳам солиқ тушумларини ошириши мумкин. Аммо катта эҳтимол билан ҳозирги ҳолатда янги солиқ тўловчиларнинг қўшилиши амалда солиқ тушумларини ўстириш учун етарли бўлмайди.