Иқтисодчи Отабек Бакиров:
“Davletovuz”нинг давлат поликлиникасидаги ҳолат бўйича твити нафрат аралаш саволли мулоҳазаларни қайта жонлантиради. Мактаблар етишмовчилиги ҳақида кўп ёзамиз. Лекин паритети бўйича поликлиникалар етишмовчилиги муаммоси Ундан ҳам бадтар.
Бу ҳақда кам ёзилиши сабаблари бор
Давлат поликлиникалари хизматидан ҳомиладор ва болали аёллар ҳамда қариялар кўпроқ фойдаланишади. Улар ижтимоийлашмаган. Ижтимоий фаол ёшлар ва муаммоларни кўтарувчи фуқароларнинг аксариятининг поликлиникаларга иши тушмайди.
Тонг ёришмасдан аҳоли массивларидаги поликлиникаларига боринг. Ҳали иш бошланмаган, ҳамшира-ю, врачлар ҳам йўқ. Лекин ҳомиладор ва болали аёллар, қарияларнинг узун навбатини кўрасиз. Нега эрталабдан? Чунки аксар малакали врачлар давлат поликлиникаларида 0,25 ё 0,5 ставкада ишлайдилар. Албатта улар иш вақтини тонги сменга қўйдиришади. Кейин эса асосий даромад олинадиган хусусийга йўл олишади.
Айб шифокорлардами? Йўқ албатта. Оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда ҳам, масалан, малакали болалар врачи ва аёллар касалликлари бўйича врачнинг давлат поликлиникаси берадиган ва хусусий шифохона таклиф этадиган маоши 4-5 баробаргача фарқланади. Айб мияси чириган ўзбек чиновникларида.
Биринчидан, уларнинг аксари, врачни касаллар боқиб олади деб ўйлайдилар. Лекин, ўзини ҳурмат қиладиган врач касал қўлига қарамайди. Пуллик асосда хизмат кўрсатмоқчи бўлса, хусусийга бориб расман тўлов асосида даволайди.
Иккинчидан, инфратузилма етарли эмас. Яқин йилларда янги поликлиникалар ишга туширилгани йўқ, бориям фақат ремонт қилинмоқда. Яъни уларнинг қуввати ошаётгани йўқ. Чиновниклар эса рақамлаштириш билан муаммони ечмоқчи. Амалда бу жисмоний бардакни рақамли бардакка айлантирмоқда.
Ҳамма муаммода муаммони ечишни эмас, пул қилишни кўзлайдиган чириган чиновниклар масалан, пойтахтда поликлиникалар муаммосини вагон контейнерлар билан ечмоқчи.
Нима қилиш керак?
Биринчидан, тиббиётга қолдиқ, пул қолса молиялаштириш билан қарашни бас қилиш керак. Олий тоифали врачлар маошларини камида уч баробарга ошириш лозим (ваъда қилинган минг доллар). Шу йилнинг ўзида ва кейинчалик бозорга қараб (имкониятга қараб эмас) ошириб бориш лозим.
Иккинчидан, поликлиникалар етишмовчилиги муаммосини манзилли тарзда аниқлаштириш ва тўлақонли янгиларини қуришни бошлаш зарур. Контейнер бу поликлиника эмас.
Учинчидан, ўзбек чиновниклари учун ҳукумат поликлиникалари ва ҳукумат касалхоналари тизими тугатилиши зарур. Ўзбек чиновниги, унинг бола чақаси, аёли, ота-онаси халқ бораётган поликлиникага ва касалхонага бориши зарур.
Солиқ тўловчилар ҳисобидан яшайдиган ҳоким, вазир ва амалдорлар ихтиёридаги махсус иззат, алоҳида кўрик ва қаровдан иборат медицинанинг мавжудлиги чиновникларнинг тиббиётга нисбатан муносабатини шундай паст даражага туширган. Ўзбек чиновниги бўқоғини олдирган Германияга, юрагини операция қилишга Исроилга солиқ тўловчилар ҳисобидан эмас, борса ўзининг ҳисобидан бориши керак.
Масалан, мен ҳали Сурхондарёнинг Қумқўрғонидан бўлган Қурбонбой бувани ҳукумат тиббиёт самолётига ўтказиб Германияга даволангани юборганини эшитмадим.
Лекин ҳар ҳафта, ҳар ой махсус самолётлар солиқ тўловчилар ҳисобидан юраги ё ошқозони эмас, аслида мияси касал чиновникларни четга даволагани ташийди.
Амалдорлар бу хизматкор. Халқ эса Хўжайин.
Медицинада уларнинг ўрни алмашиб қолган (бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам). Адолат қарор топиши учун медицина Хўжайинлар учун, халқ учун бўлиши зарур. Хизматкорларга эса, яъни чиновникларга, масалан контейнер ҳам бўлаверади.
Манба