Аёллари ва болаларини зўравонликлардан асрай олмаган миллатда ўзлик бўлмайди, келажак бўлмайди, ҳеч нима бўлмайди

Ҳар сафар шунақа даҳшатли кейслар юз берганда қурбонлар, йўқотишлар ва оғриқлар бежизга бўлган бўлмасин деймиз. Лекин ҳаммаси бежизга бўлган бўлади. Шунчаки Қурбон берган бўламиз. хулосалар ва ўзгартиришлар қилинмайди. Воқеалар қайта ва қайта такрорланади.

Давлат куч ишлатиш монополиясини ишлатмай қўйганида эса қўрқув янада авж олади. Гўёки адолатни қарор топтирадиган кўчага, бошқа зўравонларга аппеляция пайдо бўлади. Бу эса зўравонлик занжирини узмайди, иккинчи ҳалқага ўтказади.

Номенклатура унинг аъзоларига агар хиёнат бўлмаса, жазо йўқлигини билиб қолди, бунга етарлича ва очиқча ишоралар олди. Ўғирликми, ўзлаштиришми, мансабидан фойдаланишми, зўрлашми, фарқи йўқ. Қўрқув тўлиқ йўқолди. Ўзларини алоҳида, дахлсиз каста ҳисоблай бошлашди.

Катта ўғрилар мустаҳкам ҳимоя остида эканини нафақат кўрдик, бу ошкора намойиш қилинди. Қонун шарҳловчилари ҳатто буни норма сифатида кўрсата бошладилар. Қабул қилинглар, бошқа иложинглар йўқ, бу истисно эмас, бу қоида дейишди, кечагина.

Улар илгари қаттиқ қўрқишарди. Халқ қўрқуви бир бўлса, уларнинг қўрқуви ўн эди. Ҳа, бу жуда ёмон эди. Қўрқманглар, сизлар таъқибдан озодсизлар дейишди уларга. Улар аввал ишонишмади, бир зўрлик, иккинчи ўғирлик қилиб кўришди. Жазо ўрнига кўз қисдилар. Демак, мумкин.

Ёмон Сулаймон ўлган эди. Девлар эса қутулган. Лекин қоидалар-чи? Девларни жиловловчи, қачон чироқдан чиқиш, қачон чироққа қайтиб кириш, чироқ эгаларига ҳисоб бериш қоидалари йўқми? Йўқ. Девлар истаса, чироқ эгаларини чироқ ичига тиқиб юбориши мумкин бўлди.

Етук Миллат оталари ўзлари учун қонунлар ишлаб чиқишади ва уларни ҳамма учун тадбиқ этадилар. Қолоқ Миллат оталари қонунлар ишлаб чиқишади ва уларни ўзларидан бошқа ҳаммага тадбиқ этишади.

Отабек Бакиров