Ўзбекистон парадокси яна такрорланди: Нефть 85 доллардан 70 долларга тушганида нархи ўзгармаган бензин нархи нефть 84 долларга чиққанида яна оширилмоқда
OPEC+’нинг кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 1 млн.баррелга пасайтириш тўғрисидаги кутилмаган қарори ортидан глобал бозорларда “брент” типидаги нефть нархи 84 долларгача кўтарилди.
Қизиқ тарафи, бу сафар ҳам Ўзбекистоннинг очофат монополистлари ўзлари учун белгилаб олган “нефть тушганида бензин нархи туширилмайди, нефть ошганида бензин нархи оширилади” қоидасига амал қилдилар.
Март ойининг дастлабки ҳафталарида нефть нархи 85 доллардан 70 долларгача тушди. Лекин ишлаб чиқаришдан тортиб импортгача барча занжирларни ўзлариники қилиб олган монополистлар бензин нархини бир сўмгаям туширишгани йўқ.
Лекин жумадан бошлаб нефть нархи кўтарилиши билан монополистлар масалан, АИ 80 бензин нархини 6050-6100 сўмгача кўтаришга улгуришди.
Эслатиб ўтамиз, АИ 80 бензини импортидан тортиб ишлаб чиқаришгача, истеъмолчи тўлайдиган акцизгача бекор қилинган.
Прогноз қилганимиздек, ишлаб чиқариш, импорт, улгуржи ва чакана савдодаги монополлашган вазиятда акцизга имтиёз бериш нархлар ўсишини тўхтатиб қололмади. Имтиёзлар монополистларнинг маржасини оширишга хизмат қилмоқда холос.
Ўзбекнефтегазнинг чала ёлғонлари
Ўзбекнефтегаз АЖ шўбаси ҳар қандай вазиятда бензин нархини ошириш билан боғлиқ манипуляция ишлатиладиган Ўзбекистонда монополистларнинг ўзлари ўзлари учун белгилаб олган қоидалари акс этган постга муносабат билдирган.
Монополистга кўра, Ўзбекнефтегаз бозорнинг фақат 2,3%ини “UNG Petro” МЧЖ шўбаси орқали назорат қилармиш. Бу юмшоқ қилиб айтганда ғирт ёлғон. 30 йилдан бери ишлатилаётган ёлғонлардан балки навбатдагиси.
Биринчидан, бозордаги улуш заправкалар сони билан белгиланмайди. Ҳаттоки алифни калтак дея олмайдиганлар бошқараётган Афғонистондаям бозордаги улушни белгиловчи критерия ва методлар сонга боғланмаган. Қазиб олиш, ишлаб чиқариш ва импорт ҳажми, кирувчи ва чиқувчи занжирдаги маъмурчилик, сотувлар ҳажми улушни ўлчовчи асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Бу сизлар учун кичик ликбез.
Иккинчидан, шу тўқилган ёлғонда ҳам яна ёлғон рақам ишлатилган. Ўзбекистонда 3000га яқин автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд эмас. Бензин ва дизель ёқилғиси шохобчалари сони 2226 та. Уларга эгалик қилувчи компаниялар (ҳар бир ўнлаб заправкаларга эгалик қилувчи) сони эса янаям кам.
Учинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган бензиннинг мутлақ катта қисмини Ўзбекнефтегаз АЖ назоратидаги БНҚИЗ ишлаб чиқаради. Масалан, АИ 80 нинг 77%ини. Тортиқ қилиб юборилган ФНҚИЗ қолган 23% АИ 80ни ишлаб чиқаради. Мана бу ерда биржа маълумотлари. Камида 80% биржага чиқарилаётган бензин Ўзбекнефтегаз АЖ ва унинг назоратидаги шўбалар ҳиссасига тўғри келади.
Тўртинчидан, бизнинг чала статистикамиз импорт бўйича кенг маълумотларни ошкор этмайди. Лекин норасмий қўлга киритилган маълумотларга кўра, январь ва февраль ойлари бўйича энг катта ҳажмдаги бензин импорти ва айниқса АИ 80 бензини импортини Ўзбекнефтегаз АЖ амалга оширган. Ҳа дарвоқе, бензин импорти нотариф талаблари айнан монолполист ва уларнинг корчалон шериклари фойдасига маъмурий йўл билан қийинлаштирилган.
Шундай экан, токи 2,3% сизларга мем бўлиб ёпишиб қолишидан аввал, эшитинг, балки ёдлаб олинг. Агар энг катта қазиб олувчи монополист бўлса, энг катта ишлаб чиқарувчи монополист бўлса, энг катта импортчи, энг катта сотувчи монополист бўлса, демак, у монопол мавқесидан фойдаланган ҳолда нарх манипуляцияларини амалга ошириши мумкин бўлган монополист.
Сизлар Африкадаям қолмаган, лекин ўзбекистонликларнинг шўрпешонасидаги танловсиз кўргилиги бўлган АИ 80 бензини билан айнан шундай тархида нарх манипуляцияларини амалга оширмоқдасизлар.