Нега Ўзбекистондан Грузияга учиш Қозоғистондан учишдан кўра икки баробар қиммат?

Грузияга сафар қилган Бош вазиримизни юқори тайергарлик ва катта эҳтиром билан кутиб олишди. Бу одамни хурсанд қилмай қолмайди. Кавказдаги дўст давлат билан алоқаларимиз янада чуқурлашиши керак.

Ҳар сафар Грузияга борганда ўзбекистонликларни қозоғистонликлар билан адаштиришларига гувоҳ бўламан. Чунки Грузияга йилига Ўзбекистондан Атига 20 минг атрофида турист борса, Қозоғистондан 7-10 баробарига кўпроқ турист ташриф буюради. Қозоғистондан Грузия шаҳарларига учиш Тошкентдан Батуми ва Тбилисига учишдан икки баробарига арзонроқ.

Буям майли, очофат монополист ҳавошка (ЎҲЙ) бу билан Ўзбекистонликларни пулини совурмоқда дерсиз, лекин бундан Ўзбекистонга келиши мумкин бўлган Грузиялик туристлар ҳам ютқазмоқда. Грузияга келадиган 10 млн туристнинг ҳеч қурса 1 фоизи Ўзбекистонга келишини тасаввур этиб бўлмайди. Чунки потенциал Грузиялик ёки Грузияга келган турист ҳавошкадан 250 долларга билет олиб Тошкентга келгандан, 100 долларга Европага бориб келиш билетини сотиб олади.

Ўйлайманки, бош вазиримиз олдида ўтирган транспорт вазири Маҳкамовга шу саволларни беришади .

Дарвоқе, Air Geo Sky авиакомпанияси 26 мартдан бошлаб Тбилиси-Тошкент-Тбилиси авиарейсларини йўлга қўймоқчи бўлганди. Лекин Ўзбекистон томони бунга рўйихушлик бермаганми, режалар амалга ошмай қолган.

Маҳкамов ва унинг етовидаги ҳавошка ўзбекистонликларга ва Ўзбекистонга қанча зиён етказаётганини билиш учун узоққа бормай, Грузия ўз осмонини қандай очганини ўрганиб кўриш кифоя бўлади.

2023 йилнинг олти ойида Грузияга бораетган Ўзбекистонликлар сони камайган

Қарангки, ҳозиргина, Грузияга хориждан ташриф буюраётган туристлар статистикаси эълон қилинди. Унга кўра, 2023 йилнинг олти ойида Грузияга келган жами интуристлар сони ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 75,9 фоизга ёки 1,2 млн.га кўпроқ бўлган.

Ушбу даврда Грузияга келувчилар сони фақат икки давлатдан камайган. Улардан бири Украина (-3863). Иккинчиси эса Ўзбекистон (-2082).

Ҳатто ёпиқ Туркманистондан ҳам Грузияга ташриф буюрувчилар кўпайган.

Отабек Бакиров