«Tоshkent Сity» боғига кириш пуллик бўлганлиги туфайли кўплаб блогерларимиз ўзларининг фикрларини ижтимоий тармоқлар орқали билдирган. Бу фикрлар жамоатчилик томонидан ҳам маъқулланмоқда. Қуйида билдирилган фикрларни жамлаб сизларга ҳам илиндик.
«Tоshkent Сity» боғи харажатларини ким қоплаши керак? Ташриф буюрувчилар-ми? Ё Инвесторлар?
Менимча бу одам, гарчи ҳоким-тадбиркорга айлангунча бир муддат «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази Дирекцияси раҳбари бўлиб ишлаган бўлса ҳам, на қонун-қоидани ва Дирекция харажатлари қайси маблағлар ҳисобига қоплаши лозимлигини билмайди, ёки ҳозир масъулиятни бўйнига олиш ва хатони тўғрилаш ўрнига ўзидан бунга алоқадор бўлмаган бехабарлик чироғини ёқиб олган.
8- лотдаги Toshkent City боғини “Discover Invest” МЧЖ қурган. Тадбиркор ҳоким жуда яхши эсласалар керак бу компанияни. Бутун Европа, бутун дунё билади. Икир-чикиригача.
Боғни қуришга буюртмани «Tоshkent Сity» дирекцияси берган. Боғни эксплуатация қилиш ҳам Дирекция зиммасида. «Tоshkent Сity» дирекцияси эса Ҳукумат қошидаги давлат унитар корхонаси ҳисобланади. Яъни деҳқонча айтганда, боғнинг маъмурий, ҳуқуқий эгаси ҳеч қанақа инвестор, тижоратчи ёки тадбиркор ҳоким эмас. Давлат!
Дарвоқе, «Tоshkent Сity» ишбилармонлик маркази Маъмурий кенгаши Раиси Бош вазир Абдулла Арипов ҳисобланади.
Айнан бош вазир Арипов раҳбарлигидаги Маъмурий кенгаш Дирекция ва унинг фаолиятидаги харажатларни қоплаш сметасини тасдиқлайди.
«Tоshkent Сity» боғининг фаолият кўрсатиш харажатлари, тадбиркор ҳоким айтгандек, фонтанларнинг ишлаши, ўтларнинг ўсиши, дарахтларнинг сақланиши ва умуман барча харажатлар мана шу смета ҳисобидан қопланади.
Сметага пул қаердан келади дерсиз? Сметага пул «Tоshkent Сity» даги қолган 7та лотдаги инвесторларнинг тўловлари, хусусан инвестицион мажбуриятларидан келадиган маблағлардан қопланиши керак.
Айрим мустақил суриштирувларга кўра ўша лотлардан 3таси ёки 4тасига ҳоким тадбиркор ҳам билвосита ва бевосита дахлдор.
Мундоқ айтганда, «Tоshkent Сity» дирекцияси ва боғни харажатлари қопланмаётган бўлса, инвесторларни саволга тутиш керак. Улар ўз мажбуриятларини вақтида бажараяптими. Бажараяптими ўзи?
Демак, яна қайтарамиз: «Tоshkent Сity» боғи харажатларини қоплашда муаммо кўтарилган бўлса, боққа ташриф буюрувчилардан 10 минг сўмдан пул ундириш эмас, инвесторларни сўроққа тутиш лозим.
Юқорида айтганимиздек мустақил суриштирувларга кўра ўша лотлардан 3таси ёки 4тасига ҳоким тадбиркор ҳам билвосита ва бевосита дахлдор. Энди савол: ҳоким тадбиркор ўзини ўзи сўроққа тутадими? Йўқ, буни бошқа, ваколатли органлар амалга ошириши лозим.
Яна бир қизиқарли материл…
Тенг тенги билан, тезак қопи билан
«Tоshkent Сity» га пуллик кириш шундан ҳам “мўмай даромад” топиш учун қилинмаяпти, албатта. Бу ерда очофатлик, навбатдаги “любая бизнес ҳараша”ни кўриш ноўриндир. Аслида, City эгалари у ерга одам кирмай қўйса ҳам, рози. Чипта шунчаки ташрифчиларни саралаш воситасидир.
Ҳозирда “вилоятликка ўхшаб кийинган” люмпен-пролетариат «Tоshkent Сity» га ёпирилиб, «Tоshkent Сity» да ишлаши, яшаши керак бўлган янги бойларнинг ҳузур-ҳаловатини, кайфиятини бузмоқда.
Бойлар паст табақанинг ҳорғин, касалманд юзларини, жулдур кийимларини кўриб туриш учун «Tоshkent Сity» да офис ва хонадонларни юз минглаб долларга сотиб олмаган. Ўзига ўхшаган муваффақиятли, соғлом, бой қатлам вакиллари билан кундалик ҳаётини ўтказмоқчи. «Tоshkent Сity» га ёпирилиб келаётган қашшоқлашиб кетган пастки табақа уларнинг кайфиятини тушуриб юборяпти.
Гапда бўлса ҳам, ижтимоий тенглик, биродарликни тарғиб этиб, синфлашишни олдини олишга ҳаракат қилган собиқ социалистик Ўзбекистонда “тенг тенги билан, тезак қопи билан” фалсафаси, социал-дарвинизм узил-кесил ғалаба қилди. Табақалашиш – нормал ҳолат, бой ва хизматчиларга бўлинмаган жамиятнинг дунёда ўзи йўқ. Ҳамма гап, бу социал-дарвинизмни маданийлаштириб, қолипта ушлаб туриш, салбий оқибатларини чеклашда. Биз ҳали бу даражага етиб келмадик.
«Tоshkent Сity» – пуллик сити
Сал ишлар билан бўлиб телеграмга кира олмадим, қарасам Ташкент сити пуллик бўлиб қолибди.
Ҳа, энди Ташкент Сити майдони тадбиркорлик субъектига қарашли деб оладиган бўлсак, ҳар қандай тадбиркорликнинг асосий мақсади фойда олиш.
Қараса, одам келиб турибди, ким вилоятдан келса, бир бор шу ситига бориб ҳеч бўлмаса расмга тушиб кетмоқда. Демак пул қилса бўлади, қилиш керак.
Мен қойил қолдим, Жаҳонгир ака, газини босинг. Халқ норози бўладими йўқми, бунинг нима фарқи бор, 6 секундлик дунёда пул қилиш керак тамом.
Ҳа, яна бир таклиф, Ситига кирган одам совуқдан ҳожатга боргиси келиб қолади, ҳожатхона нархини атиги 2000 сўм қилиб қўйибсизлар, ахир монополия қоидаларига шу ярашадими? Йўқ, албатта, бирдан 10000 сўм қилиш керак, кейин акция эълон қиласиз, кириш 10000, ҳожатхона 10000, иккаласига бирдан чипта сотиб олса, 18000 сўм, 2000 фойда десангиз, одам шунга ҳам хурсанд бўлиб юраверади.